Бўстонсарой кўчасидаги қурилиш 20 ноябргача якунланади

Самарқанд шаҳридаги Рудакий кўчасининг Бўстонсарой кўчаси кесишмасидан Чуқурйўл (Макаронка) кўчаси кесишмасигача бўлган қисмида тоннел қурилаётгани боис транспорт воситалари ҳаракати вақтинча чекланган. Бу эса Бўстонсарой кўчасида автоуловлар тирбандлигини юзага келтиряпти.

Кўпчилик бу ҳолат қачонгача давом этиши, йўл қурилиши қачон якунланиши ҳақида қизиқмоқда.

Бунга жавобни “Самарқанд минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати” ДУК бош муҳандиси С.Абдураимовдан олдик.

- Бўстонсарой кўчасини кесиб ўтган Чашма ариғига 200 метр узунликдаги 5х5 метрлик коллектор қуриляпти, - дейди С.Абдураимов. – Унинг устидан қурилаётган кўприк фойдаланишга топширилгач, йўлнинг баландлиги 6 метрга кўтарилиб, деярли барча қисмлари тенглаштирилади. Автомобиллар ҳаракатланадиган қисми 6 қаторли бўлади ва кўчанинг икки томонидан маҳалла ичига кирувчи ички қўшимча йўл барпо этилади.

Айни пайтда «New Тech Samarqand» МЧЖ корхонасининг 20 дан ортиқ махсус техникалари У.Турсунов кўчаси кесишмасидан Чашма ариғигача бўлган қисмида 480 метр масофани 3-4 метргача пасайтириб бормоқда.

- Шу пайтгача автомобиль йўлининг кенглиги 14 метрни ташкил этган бўлса, энди 25 метрга етказилади, - дейди корхона иш бошқарувчиси Нурбек Бекмуродов. – Машиналар учун олти қаторлик йўлдан ташқари 2,20 метр яшил майдон ва манзарали дарахтлар экилиб, 2 метр кенгликда пиёда ва велойўлак қурилади. Ички кўчаларга олиб борувчи маҳаллий йўл ҳам битгач, кўчанинг кенглиги 45 метрга етади.

Лойиҳа бўйича бу йўл жорий йилнинг 20 ноябригача фойдаланишга топширилади.

Дилмурод Тўхтаев.