Бўстонсарой ва Мирзо Улуғбек кўчалари кесишмасидан “Самарқанд халқаро аэропорти”гача бўлган кўчаларнинг ҳар 300 метрига “кожух”лар монтаж қилинмоқда

Кеча, 16 июнь куни Zarnews.uz телеграм каналида Самарқанд шаҳридаги Ибн Сино кўчаси (аэропорт йўли)да йўл кавланаётгани, бу нима мақсадда, қайси ташкилот томонидан амалга оширилаётганидан аҳолини хабардор қилиш лозимлиги сўралган эди.

Ушбу масала юзасидан шуни маълум қиламизки, Президентнинг 2017 йил 27-28 август ва 2 сентябрь кунлари вилоятимизга ташрифи давомида Самарқанд шаҳридаги Бўстонсарой ва Мирзо Улуғбек кўчалари кесишмасидан “Самарқанд халқаро аэропорти”гача олиб борувчи кўчада 8 қаторли автомобиль йўлини қуриш вазифаси юклатилган.

Бош вазирнинг 2019 йил 12 февраль куни “Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг навбатдаги йиғилишига тайёргарлик кўриш юзасидан Самарқанд шаҳрида амалга ошириладиган улкан меъморий, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари юзасидан ўтказган 1-сонли йиғилиш баёнининг 23 бандида Самарқанд шаҳрида янги қурилаётган йўлларга тайёрланган ҳамда тайёрланадиган лойиҳа-смета ҳужжатларига қўшимча киритган ҳолда, келгусида муҳандислик коммуникация тармоқларини йўлнинг қатнов қисмига зарарсиз ва сифатли ўтказиш учун лойиҳаларга диаметри 1020 миллиметр бўлган ва ундан катта диаметрдаги металл қувурларни йўлнинг қатнов қисмига кўндаланг ҳолда ҳар 300 метр масофада “кожух”лар монтаж қилиш ишлари юклатилган.

Бугунги кунда шаҳарда муҳандислик коммуникацияларини автомобиль йўлининг бўйлама ва кўндаланг қирқимлари бўйлаб ётқизиш ишлари амалга оширилмоқда.

Жумладан, Самарқанд шаҳридаги Бўстонсарой ва Мирзо Улуғбек кўчалари кесишмасидан Ибн Сино кўчаси бўйлаб “Самарқанд халқаро аэропорти”гача олиб борувчи автомобиль йўлининг ҳар 300 метр масофасида “кожух”ларни монтаж қилиш ишлари бажариляпти. Қурилиш ишлари тугалланган автомобиль йўлига кейинчалик зарар етказмасдан муҳандислик коммуникацияларининг ушбу ер ости “кожух”ларидан монтаж қилиш имконини беради.

Ушбу қурилиш-монтаж ишларига буюртмачи “Самарқанд минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати” ДУК бўлиб, бугунги кунда қурилиш ишлари бошланишидан аввал Самарқанд шаҳридаги барча корхона ва муассасаларга (вилоят ИИБ ЙҲХБ, шаҳар газ таъминоти, электор тармоқлари корхоналари, “Узтелеком” алоқа оператор)ларига огоҳлантириш хатлари билан мурожаат қилинган.

Суҳроб МАРДОНОВ,

“Самарқанд минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати” ДУК бош муҳандиси.