Бой ўтмишимиз, буюк алломаларимиз мероси – бебаҳо хазина
Хабар қилганимиздек, Самарқанд халқаро туризм марказида “Буюк аждодлар мероси - Учинчи ренессанс пойдевори” VIII халқаро конгресси ўтказилмоқда.
Унда дунёнинг 35 давлатидан 300 га яқин олимлар, мутахассислар, тадқиқотчилар иштирок этмоқда. Конгресснинг расмий очилиш маросимида ИРСИКА, АЙСЕСКО, ТУРКСОЙ, “Ал-Фурқон” фонди, Халқаро Туркий академия раҳбарлари, Ислом олами робитаси ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари қатнашди.
Очилиш маросими аввалида Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Хайриддин Султонов “Буюк аждодлар мероси - Учинчи Ренессанс асоси” VIII халқаро Конгресси иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг табригини ўқиб эшиттирди. Давлатимиз раҳбарининг табригида конгрессда жорий ва келажакка мўлжалланган илмий дастур ва режалари муҳокама қилиниши алоҳида таъкидланди. Шунингдек, табрикда қайд этилишича, “фундаментал тадқиқотларни ўтказишга доир дастурлар, илмий лойиҳаларни ишлаб чиқиш, уларни амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлар ҳеч шубҳасиз, ўзаро ҳамкорлигимиз учун янги имконият ва истиқболлар очиб беради”.
Президентимиз йўллаган табрикда Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти фаолиятига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” лойиҳаси доирасида 70 жилдлик китоб-альбомлар нашр қилиниб, юртимиз ва чет эллардаги энг машҳур кутубхоналар, олийгоҳ ва музейлар, нуфузли илм-маърифат масканларига етказиб берилгани таъкидланди.