"Бойназар" сув тозалаш иншооти қачон ишга тушади?

Ўшанда қурилиш ишлари учун етарлича маблағ ажратилган бўлишига қарамай, иншоот роппа-роса 13 йилдан сўнг, яъни 1989 йилда ишга туширилди, бироқ бор-йўғи икки йил ишлади, холос. Ўшандан буён бу маскан атроф туманлар, қўшни вилоятнинг чегарадош ҳудудлари аҳолиси ва экологияга катта зарар келтиряпти. 

– 27 йил аввал иншоот фаолияти тўхтаб қолган пайтларда вилоят ва пойтахтдаги мутасадди идоралардан ёрдам сўраб мурожаат қилгандик, – дейди "Бойназар" оқова сувларни тозалаш иншооти бошлиғи Шавкат Турсунов. – Аммо мурожаатимиз эътиборсиз қолди. Орадан ўн йил ўтиб, Вазирлар Маҳкамасининг Зарафшон дарёси ҳавзасида экология ва санитария ҳолатини яхшилашга қаратилган қарори ва шу асосда вилоят ҳокимининг ҳам қарори қабул қилинди. Мазкур қарорлар ижросига кўра, 2002-2005 йилларда "Бойназар" оқова сувларни тозалаш иншоотини "Зарафшон" (Қорадарё) қирғоқбўйи ҳудудидан чиқариш белгиланган бўлишига қарамасдан, ҳанузгача маблағ ажратилмаганлиги сабабли юқоридаги қарорлар ижроси таъминланмаяпти. Шунингдек, Каттақўрғон тумани ҳудудидан иншоот учун 18 гектар ер майдони ажратиб бериш ҳақидаги қарор ҳам қоғозда қолиб кетди. Иншоот учун сарфланган электр энергиясининг ҳақи тўланмаганлигидан катта қарздорлик юзага келди ва бу ердаги нимстанцияни электр тармоқлари корхонаси ўз ихтиёрига олди. Энди иншоотни электрсиз ишлатишнинг имкони йўқ. 

– Каттақўрғон шаҳридаги автомобиль ювиш шохобчалари, ошхоналар ва бошқа жойларда ишлатилган заҳарли сувлар тўғридан-тўғри дарёга қуйилади, – дейди туман экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси бошлиғи Жасур Аҳмедов. – Сувни тозалаш иншооти ишламаганлиги туфайли Қорадарёдаги балиқлар, шу ерда яшайдиган одамлар, ён-атрофга экилган дарахтлар, дарё сувидан ичадиган ҳайвонлар саломатлигига салбий таъсир қилмоқда. Иншоотни капитал таъмирлаш масаласи Олий Мажлис Сенати, Қонунчилик палатасида бир неча бор кўтарилганига қарамай, ҳанузгача ҳал этилмаяпти. 

– Бу ишлар учун Жаҳон банки инвестицияси ҳисобидан 106 миллион доллар ажратилиши белгиланган, – дейди Каттақўрғон шаҳар ҳокими ўринбосари Даврон Раҳмонов. – Ана шу маблағ ҳисобидан Каттақўрғондаги Кўрпа, Муртак ва шаҳар тоза ичимлик суви ички тармоқлари ҳамда "Бойназар" оқова сувларни тозалаш иншооти қайта қурилади. Яқинда Жаҳон банкининг мутахассислари келиб, бу борадаги лойиҳалар билан танишишди. Ушбу лойиҳа амалга ошса, кўп йиллардан буён аҳолини қийнаётган муаммоларга барҳам берилади. 

Азим ҚОДИРОВ.