Бу ҳақда бир йил олдин айтилган эди: Мутасаддилар автомобилсиз юришда қачон намуна кўрсатади?
Аксарият туманларда саломатлик йўлаги ва велойўлаклар қачон битиши номаълумлигича қолмоқда.
Ваҳоланки, пандемия шароитида чиқарилган хулоса асосида бу борада давлат раҳбарининг “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинган. Унга кўра, меҳнат жамоаларида ишлаётган ходимга бу вазифа юкланиб, унга унинг базавий лавозим маошига 20 фоиз миқдорида устама қўшилиши керак эди.
Вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган аппарат йиғилишида ҳам фармон ижроси таҳлилий-танқидий руҳда кўриб чиқилди.
Қайд этилишича, корхона ва ташкилотларда спорт тарғиботчилари жорий этилди. Бугунги кунда 1709 та ташкилот ва корхоналарда спорт тарғиботчиси жорий этилган. Лекин 1031 тасида улар фаолияти йўлга қўйилмаган. Аксарият ҳолларда спорт тарғиботчиларига фармонда белгиланган устамалар тўланмаяпти.
Бундан ташқари, фармон талабларига кўра, ҳар бир корхона, ташкилот ва барча турдаги муассасаларда ходимларнинг жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан шуғулланишига шарт-шароитлар яратиш белгиланган. Бироқ бу вазифа ҳам амалда тўлиқ бажарилмаяпти.
Жумладан, Паст Дарғом тумани 3-секторда жойлашган 68-мактаб, 4-секторда жойлашган 12-, 39-мактаб ўрганилганда спорт залларига қулф илиниб, маҳаллий аҳоли ва ёшларни спорт билан шуғулланиши учун имконият берилмагани аниқланган.
Ёки Оқдарё туманида пенсия жамғармаси, туман ғазначилик бўлими, агроинспекция туман бўлими раҳбарияти томонидан ходимларни жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан шуғулланиши учун шарт-шароитлар ва моддий техник база яратилмаган. Яъни, ходимлар спорт билан шуғулланишлари учун ҳеч қандай имконият йўқ.
Нарпай тумани болалар-ўсмирлар спорт мактабининг календарь режаси ишлаб чиқилмаган ҳамда бирорта тадбир ўтказилмаган.
Аҳолини пиёда ва велосипедда юришга зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида саломатлик ва велосипед йўлакларини ташкил этиш жорий йил 1 сентябрга қадар якунлаш лозим эди.
Булунғур ("Улуғбек" МФЙ 1-сектор, "Гулистон" МФЙ 2-сектор), Жомбой ("Тошкент" МФЙ 3-сектор), Пахтачи, Паст Дарғом, Пайариқ, Самарқанд ҳамда Қўшработ туманларида саломатлик ва велойўлакларни қуриш ишлари якунланмаган. Йўлакларни замонавий, энерготежамкор ёритиш тизимлари ҳамда йўлакларда алоҳида ҳаракатланиш имкониятларини яратиш ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар учун “тўсиқсиз муҳит” ташкил этилмаган.
Нарпай туманида йўлакларни қуриш ишлари сифатсиз давом этаётган бўлса, Тойлоқ туманида велойўлакларда кўрсаткич белгилари ўрнатилмаган.
Йиғилишда аҳоли ўртасида оммавий спортни ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида спорт турлари (юриш, югуриш, мини футбол, велоспорт, бадминтон, стритбол, “Workоut” — маҳалла (кўча) фитнеси)билан шуғулланиш учун замонавий инфратузилма яратиш ишлари ҳам талаб даражасида эмаслиги қайд этилди.
2020 йил 1 декабрдан барча давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари биринчи раҳбарлар ва ўринбосарларига «Шахсий намуна» тамойили асосида танланган кунларда (ҳафтада камида бир марта) хизмат автомобилларидан фойдаланмаган ҳолда велосипедда ёки пиёда ишга келиши ва кетиши белгиланган.
Ҳокимлик йиғилишида бу вазифага ҳам айрим мутасаддилар панжа орқасидан қараётгани кескин танқид қилинди. Муҳокамалар сўнгида Президент фармони ижросини таъминлашда масъулиятсизликка йўл қўйган раҳбарларга нисбатан тегишли чоралар кўриш белгиланди.