Бу масалани ким ҳал қилади?

Таҳририятимизга коммунал тўловлар жараёнида нореал қарздорлик юзага келаётганлиги ҳақида фуқаролардан кўплаб мурожаатлар келмоқда. Жумладан, Ургут туман Аълохотин маҳалласида яшовчи Салим Розиқов шундай ёзади:

2017 йил ноябрь ойида мажбурий ижро бюроси туман бўлими ходими уйимга келиб, газдан 1 миллион 900 минг сўм қарздорлигимни айтди. Шу вақтнинг ўзида 700 минг сўм тўловни амалга оширдим. Сўнгра мен туман газ идорасига тўлов квитанцияларини олиб бориб, қарздорлик ҳолатини текширдим. Квитанцияларим туман газ идораси компьютеридаги маълумот билан таққосланганда 1 миллион 360 минг сўм фарқ борлиги аниқланди. Сабаби, мен тўлаган маблағларим идоранинг компьютерига киритилмаган экан. Шунинг учун қарздорлик келиб чиққан. Ахир, қўлимда тўловларни амалга оширганлигим ҳақида қоғоз бор. Компьютерга киритилмаган бўлса, менда нима айб? Мендан яна тўлов қилишимни талаб этишмоқда. Ургут тумани газ идораси эса бу масалани ҳал этмасдан, бизни сарсон қилмоқда. Газ идорасида мен каби нореал қарздорликдан норози бўлиб юрган юзлаб одамларни кўрдим. Айтинг-чи, бу масалани ким ҳал қилади? 

Худди шу мазмундаги яна бир мурожаат Пайариқ тумани, Челак шаҳри Суғдиёна кўчасида яшовчи Ойбек Қорабоев томонидан йўлланган. Унда қуйидагилар ёзилган: 

Мажбурий ижро бюроси туман бўлими ходимлари газ тўловидан 4 миллион 213 минг 490 сўм қарздорсан, деб 2017 йил 15 август куни хонадонимга уланган газни узиб кетди. Туман газ идорасига борганимда қарздорлигим йўқлиги аниқланди ва менга бу ҳақда маълумотнома беришди. Идора муҳри мажбурий ижро бюроси туман бўлими томонидан олиб қўйилганлиги сабабли маълумотномага муҳр қўйилмади. Шу сабабли мажбурий ижро бюроси Пайариқ туман бўлими ходимлари бу маълумотномани инобатга олишмади. Туман газ идорасидагилар эса муҳр улар томонидан олинганлиги учун муҳр қўя олмасликларини айтишяпти. Мен ҳеч нарсага тушунмаяпман, бу қандай майнавозчилик? Аҳолини сарсон қилиб, устидан кулиш эмасми бу? Мен бу вазиятда нима қилишимни билмаяпман, шунинг учун ёрдам сўраб сизларга мурожаат қиляпман.