"Бу хунрезликни кузатаётган ва чора кўрмаётган инсоният учун шармандалик": Шу сўзлар билан Эронда намойишчиларни қўллаб-қувватлаган таниқли актриса ҳибсга олинди
Олдинроқ Эрон ҳукумати мамлакатнинг энг машҳур актрисаларидан бирини намойишчиларни қўллаб-қувватлагани учун ҳибсга олганди. У мамлакатни қамраб олган намойишлар ҳақида "ёлғон тарқатиш"да айбланмоқда.
Чет тилидаги энг яхши фильм номинациясида Академия мукофотини қўлга киритган актриса Таране Алидости Эрон ҳукуматининг тартибсизликларни бостириш борасидаги саъй-ҳаракатларини очиқдан-очиқ танқид қилган. Ўтган ҳафта ҳам у намойишчининг қатл этилишини қоралаб, ҳукуматга қарши ижтимоий тармоқда пост қолдирган.
38 ёшли аёл ўз постида халқаро ташкилотларни Моҳсин Шекарийнинг қатл этилишига тўсқинлик қилмаётгани учун танқид қилган. 8 декабрь куни у ҳукуматпараст ҳарбийлаштирилган "Басиж" гуруҳи аъзосига ҳужум қилиш, шунингдек, Теҳрон кўчаларидан бирида транспорт ҳаракатига тўсқинлик қилишда айбланиб, осиб ўлдирилган эди.
"Унинг исми Моҳсен Шекари эди. Бу хунрезликни кузатаётган ва ҳеч қандай чора кўрмайдиган ҳар бир халқаро ташкилот инсоният учун шармандалик", деб ёзади у.
IRNA давлат ахборот агентлигига кўра, актриса “ўз даъволарини тасдиқловчи ҳужжатлар” тақдим эта олмагани учун полиция томонидан ҳибсга олинган. Актрисанинг 8 миллиондан ортиқ обуначиси бўлган аккаунти ўчириб ташланган.
Намойишлар давом этмоқда
Бу йил бошланган норозилик намойишлари 1979 йилги инқилобдан бери Эрон режими дуч келган энг катта қаршилик бўлди.
Эронда норозилик тўлқини келиб чиқиши курд аёл - 22 ёшли эронлик Маҳса Амини 16 сентябрь куни полиция бўлимида исломий кийиниш қоидаларини бузганликда айбланиб ҳибсга олиниб, вафот этганидан сўнг бошланди.
Шундан сўнг аёллар, университет талабалари ва ҳатто ўқувчи қизлар кўчаларга чиқди. Намойишлар одатда тинч ўтмоқда, аёллар ва қизлар рўмолларини ечиб, кўчаларда ёқиб юборишмоқда, ҳукуматга қарши шиорлар айтиб, ҳуқуқ-тартибот кучлари билан тўқнаш келишмоқда.
Эрон ҳукумати бу тўлқинни тўхтата олмай, норозилик намойишларини ғалаён деб атади ва ҳамма айбни ўзининг асосий рақиби – АҚШ, шунингдек, уларнинг иттифоқчилари – биринчи навбатда Исроил ва Буюк Британияга юклади. Айни пайтда Эрон ҳукумати минглаб намойишчилар, жумладан олимлар, журналистлар ва ҳуқуқшуносларни ҳибсга олган ва намойишчиларни тарқатиб юбориш учун куч ишлатмоқда.
Ҳуқуқ фаоллари ахборот агентлиги маълумотларига кўра, ҳозиргача хавфсизлик кучлари камида 488 намойишчини ўлдирган ва яна 18 259 киши ҳибсга олинган. Агентлик шунингдек, хавфсизлик кучларининг 62 нафар аъзоси ҳалок бўлганини ҳам маълум қилди.
Расмийлар “Худога душманлик”да айбдор деб топилган икки кишини аллақачон қатл қилган. Эрон қонунлари бу жиноятни қурол орқали ҳаёт ёки мол-мулкка таҳдид қилиш орқали жамоат хавфсизлигига путур етказиш сифатида тавсифлайди.
Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари намойишчилар учун ўлим жазоси билан якунланган суд жараёнлари тегишли жараёнсиз ўтказилаётганини таъкидламоқда.
Декабр бошида Amnesty International ташкилоти яна 18 намойишчи ўлим жазоси билан таҳдид қилинганини маълум қилди. Улардан 12 нафари аллақачон судланган ва ўлим жазосига ҳукм қилинган, қолганлари судда ва ўлим жазоси берилаётган жиноятларда айбланмоқда.
Эрон ҳар йили ўлимга ҳукм қилинганлар сони бўйича Хитойдан кейин иккинчи ўринда туради ва 2017 йилдан бери биринчи марта бу йил 400 тадан ошиб кетган.