Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бу йил ўқитувчилар мажбурий аттестацияга жалб этилмайди, маошлар мавжуд сертификатлар асосида тўлаб берилади

2023 йилда мажбурий аттестацияга жалб қилиниши керак бўлган педагогларнинг амалдаги малака тоифалари 2024 йилга қадар амал қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, 2023 йил 1 январдан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси фаолияти тугатилиб, унинг тегишли вазифа ва функциялари Мактабгача ва мактаб таълим вазирлигига ўтказилди.

Шу муносабат билан вазирлик томонидан таълим ташкилотларида фаолият юритаётган педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш ва малака тоифалари бериш бўйича янги шаффоф ва адолатли тизим ишлаб чиқилиб, 2024 йил 1 январдан бошлаб давлат мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларига малака тоифасини беришнинг янги тартиби жорий қилинади.

Юқоридагиларни инобатга олиб, янги тартиб жорий этилгунга қадар 2023 йилда навбатдаги мажбурий аттестацияга жалб қилиниши керак бўлган педагогларнинг амалдаги малака тоифалари тўғрисидаги сертификатларининг амал қилиш муддати навбатдаги аттестация ташкил қилингунга қадар узайтирилади.