Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бу йил профессионал таълим муассасаларига 22 770 нафар ўқувчи қабул қилинади

Бугунги кунда вилоятда 74 та профессионал таълим муассасалари фаолият кўрсатмоқда. Шундан 37 таси касб-ҳунар мактаблари, 15 таси коллеж ва 22 таси техникумлардир.

Касб-ҳунар мактабларида 9-синф битирувчиларининг 2 йиллик умумтаълим ва мутахассислик фанларининг интеграциялашган дастурлари асосида таълим берилади.

Коллежларда умумий ўрта маълумотга эга бўлган шахслар касблар ва мутахассисликларнинг мураккаблигидан келиб чиққан ҳолда 2 йилгача муддатда кундузги, кечки ва сиртқи таълим шаклларида давлат буюртмаси ҳамда тўлов-контракт асосида таълим олади.

Вилоятда бугунги кунда 15 та коллеж бўлиб, уларнинг 11 таси педагогика, 2 таси тиббиёт, 1 та қурилиш ва 1 та транспорт коллежларидир.

Техникумларда камида умумий ўрта маълумотга эга бўлган шахслар касблар ва мутахассисликларнинг мураккаблигидан келиб чиққан ҳолда 2 йилдан кам бўлмаган муддатда кундузги, кечки ва сиртқи таълим шаклларида давлат буюртмаси ҳамда тўлов-контракт асосида ўқийди.

Техникумларда ўрта махсус таълим дастурларини муваффақиятли тамомлаган битирувчилар ўз соҳасига мос бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кириш тест синовларисиз якка тартибдаги суҳбат орқали олий таълим муассасаларида 2-курсдан ўқишини давом эттириш ҳуқуқига эга бўлади.

Вилоятда бугунги кунда 22 та техникум фаолият кўрсатмоқда. Уларда ветеринария, тиббиёт, туризм, юридик, архитектура-қурилиш, темирйўл, хизмат кўрсатиш ва сервис, қишлоқ хўжалиги, ахборот технологиялари ва транспорт соҳалари бўйича мутахассислар тайёрланади. 

2020-2021 ўқув йилида касб-ҳунар мактабларида 48 та мутахассислик бўйича 8 461 нафар 9-синф битирувчилари таълим олмоқда. Коллежларда 30 та мутахассислик бўйича 4 863 нафар, техникумларда 86 та мутахассислик бўйича 8 750 нафар, жами 22 076 нафар ўқувчи профессионал таълим муассасаларида ўқимоқда.

2021-2022 ўқув йили учун профессионал таълим муассасаларининг қабул режаси ва мутахассисликлари шакллантирилди. Унга кўра, 22 770 нафар ўқувчи қабул қилиниши режалаштирилди. 

Отажон Норов,

Касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий 

бошқармаси бош мутахассиси.