Бу йилги Самарқанд ярим марафони виртуал форматда вилоятлар ўртасида ўтказилади
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси, Samarkand Half Marathon халқаро хайрия марафони ташкилий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Самарқанд ярим марафонининг ташкилий масалаларига бағишланган онлайн йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси хабар берди.
Унда вилоятлар ҳокимлари ўринбосарлари, Молия вазирлиги, ТИВ ва ИИВ, ФВВ, Транспорт вазирлиги ва Миллий гвардия раҳбар ўринбосарлари қатнашди.
Йиғилиш доирасида Самарқанд ярим марафонини ўтказиш билан боғлиқ қатор масалалар муҳокама қилинди. Азиз Абдуҳакимов бу йил ярим марафон виртуал форматда ўтиши, Самарқандда эса турли мамлакатларнинг профессионал атлетлари ғолиблик учун кураш олиб боришини таъкидлади. Пойга тўғридан-тўғри эфирга узатилади. Мусобақа вилоятлар ўртасида ўтказилиб, иштирокчилар ўз ҳудудида биринчи ўринни эгаллаши учун энг катта масофани босиб ўтиши керак бўлади.
Илк марта ярим марафон иштирокчилари учун икки қўшимча формат тақдим этилади: болалар пойгаси ва скандинавияча юриш. Жорий йилда ярим марафонда Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов, Маданият вазири Озодбек Назарбеков, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Севара Назархон, гимнастикачи, Олимпия ўйинлари совриндори Оксана Чусовитина, боксчи, 2016 йилги Олимпия ўйинларининг кумуш медаль совриндори Шаҳрам Ғиёсов, футболчи, Ўзбекистон терма жамоаси сардори Одил Аҳмедов, оғир атлетикачи, Осиё ва жаҳон чемпиони, 2016 йилги Олимпия ўйинлари ғолиби Руслан Нуриддинов, шунингдек, блогер ва UzA директори ўринбосари Хушнудбек Худойбердиев, блогер ва Alter Ego канали муаллифи Кирилл Альтман ва бошқа кўплаб кишилар қатнашади.
Samarkand Half Marathon’ни ўтказишдан тушган барча маблағлар Ўзбекистондаги аутизмдан азият чекувчи болалар интернатларидан бирида бадиий студия очишга йўналтирилади, хоҳловчилар учун эса маъруза ва семинарлар ҳам ўтказиш режалаштирилган.
Samarkand Half Marathon – Маданият ва санъат жамғармаси томонидан Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлиги кўмагида ташкил қилинувчи, ҳар йили ўтказилувчи хайрия пойгаси.
Хайрия пойгасига 1 ноябрь куни старт берилади. Унда бутун дунё мамлакатлари фуқаролари иштирок этиши мумкин.