Бугун туғилган кун: Ғулом Ўролов

Ғулом Ўролов - 1961 йилда Булунғур туманининг Эрганакли маҳалласида таваллуд топган.
Умрининг мазмунини “Булунғур ҳаёти” газетаси билан боғлаган ҳамкасбимиз ўзининг мулоҳазакор, долзарб мавзудаги мақолалари билан элга танилган. Унинг “Армонли дунё” китоби нашрдан чиққан.
Ажойиб ижодкор, талабчан муҳаррирни муборак 60 ёши билан қутлаймиз.
***
Ибрат
Ҳаётим давомида жуда кўплаб меҳр-оқибат, вафо-садоқат ҳақида китоблар ўқиганман, кинофильмлар томоша қилганман. Иш фаолиятим даврида ҳам кўплаб олийжанобликлар гувоҳи бўлганман. Лекин ўтган йилдаги ўзим гувоҳ бўлган икки воқеа ҳеч ёдимдан чиқмайди. Инсоннинг энг юксак бўлган бу фазилатлари балки кўпчилигимизга ибрат бўлар, дея қаламга олдим.
Биринчи воқеа. Тошкент шаҳрида яшаётган синглимникига меҳмонга борган эдим. Уй эгалари ишда экан, жиянчалар мени кўриб хурсанд бўлишди. Хушмуомалалик билан дарров ичкарига бошлади. Жой ҳозирлаб, дастурхон ёзиб, чой олиб келишди. Хуллас, меҳмон иззатини жойига қўйишди. Кейин ижозат сўраб, мактабларига кетишди. Ёлғиз қолдим. Шукур, синглим фарзандларига ўзбекона урф-одатларни яхши ўргатибди, деб мамнун бўлдим. Телевизор томоша қилдим. Барибир шаҳарда иш бўлмагандан кейин тез зерикар экансан. Ҳали улар ишдан қачон қайтишади. Шундай паллада яқин бир ҳамроҳинг бўлса, ширин суҳбат қурсанг, вақт тез ўтади.
Шу чоғ хаёлимдагини билгандек эшик қўнғироғи жиринглади, очдим. 30-35 ёшлардаги, меҳнатдан қорайган юзида самимийлик барқ уриб турган бир йигит экан. Уй эгасини сўради. Уйга таклиф қилсам-да унамади. Келиш сабабини ўзи айтди. Куёвимнинг жияни экан, Булунғурдан, Оломон қишлоғидан. Суҳбатдош топилганидан хурсанд бўлдим. Қолаверса, мен ҳам булунғурликман. Қанчалик сўрамайин, ичкарига кирмади.
- Ташқарида машинада акам бор. У киши чиқа олмайдилар, андак мазалари йўқ. Тоғамдан бир дуо олайлик, деб келган эдик. Майли, ишхоналарини биламан, ўша ерда дуоларини оламиз.
Ноилож меҳмонни машинасигача кузатиб қўйдим. Ҳақиқатан машина орқа ўриндиғида бир йигит кўрпага ўралиб ётарди. Мен билан оҳиста овозда, лекин самимий сўрашди. Кейин укасига чексиз меҳр билан тикилди. Касаллигидан хижолат бўлиб, кейинги сафар албатта суҳбатлашишга ваъда берди.
Синглим ишдан келгандан кейин меҳмонлар ҳақида гапирдим, ким эканлигини суриштирдим.
- Куёвингизнинг жиянлари, ота-оналари эрта вафот этиб кетган. Акаси анча вақтдан бери касал. Илоҳим, укаси барака топсин, акасини олиб бормаган жойи қолмади.
- Қанақа касал экан, - деб сўрадим.
- Акасининг иккала буйраги ҳам қуриб қолган. Ҳеч жойдан давосини топа олмади. Ўтган сафар Тошкентга даволатишга олиб келганида шифокорлар “Агар кимдир соғ буйрагини берса бу касалликни Ҳиндистондагина жарроҳлик йўли билан даволаш мумкин”, деб айтишибди. Фақат бу жарроҳлик операциясига жуда кўп пул керак бўлар экан. Кичкина жиянимиз хотини билан четда ишлаб, озроқ даромад қилган эди. Шунинг ҳисобидан юк машинаси, трактор, уй сотиб олишган. Акаси учун ҳамма нарсаларини сотишибди. Укасининг икки буйраги соғлом экан, буйракларининг биттасини акаси учун берадиган бўлибди.
- Укасининг хотини ҳеч нарса демабдими, битта буйраги бор касалманд эр билан яшашга? Қолаверса, шунча йил йиққан бойлигининг кетишига норози бўлмаптими? - дедим ҳайратимни яширолмай.
- Йўқ, қайтага етмаганига никоҳ узугини ҳам берибди. Акам соғайиб кетса бўлди, бизнинг бойлигимиз шу акам, дебди. Биз ҳам баҳоли қудрат ўзимизнинг ҳиссамизни қўшдик. Улар бугун Ҳиндистонга учиб кетишади, - деди синглим.
Ҳеч нарса дея олмадим. Фақат бир нарса ҳадеб томоғимга тиқилади. Умридан барака топсин, илоҳим соғайиб кетсин. Синглимга кўз ёшларимни кўрсатмаслик учун ташқарига чиқиб кетдим...
Иккинчи воқеа. Ўтган йили Рамазон куни эди. Маҳалла раиси бўлиб ишлардим. Тушдан кейин маҳалла идорасига бир “Дамас” автомашинаси келиб тўхтади. Деразадан кўриб турибман, машинадан бир ёш йигит тушиб, тўғри ишхонага кириб келди. Танийман, маҳалламизнинг Болғоли қишлоғидан. Салом-аликдан сўнг йигит келиш сабабини айтди.
- Раис бобо, битта маслаҳатингиз керак. Тўғри қилаяпманми, йўқми, билмайман. Лекин мен шунга қарор қилдим. Хабарингиз бор, бугун маҳаллада қанча қурбонлик маросимлари бўляпти. Мен ҳам қурбонлик қилишни ният қилган эдим. Одамларнинг қорни битта-иккита қурбонликдан кейин тўяди. Қанчадан-қанча овқатлар зое бўлади. Нима керак бунақа исрофгарчилик. Мен қурбонликка атаган маҳсулотларимни кам таъминланган оилаларга тарқатмоқчиман. Ахир, ночор, етим-есир, ногирон ва кам таъминланганларга ёрдам бериш ҳам савоб-ку, деб ўйладим. Шундай қилсам қурбонлигим қабул қилинармикан, - деди.
- Қурбонлигингиз қабул бўладими йўқми, буни ёлғиз Аллоҳ билади. Қолаверса, бу саволингизни дин билимдонлари ечиб беришади. Менинг билганим бу қилинаётган хайру-эҳсонингиз жуда катта савоб бўлади. Қанча-қанча ночор оила аъзоларининг дуосини оласиз.
Биз ўша куни бу олижаноб йигит билан “Дамас”га ортилган маҳсулотларни маҳалладаги ана шундай оилаларга тарқатиб чиқдик.
Ғулом Ўролов, журналист.