Бугун туғилган кун: Исматулла Йўлдошев

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Исматулла Йўлдошев 1953 йил 10 майда Ургут туманида туғилган.
Тошкент давлат университети ҳуқуқшунослик факультетини тугатган.
Узоқ йиллар прокуратура органларида ишлаган.
И.Йўлдошевнинг “Ҳабиб бўлгил менга, муҳаббат”, “Бунда тонглар кашф этар ўзни”, “Армонли дунё”, “Ҳавас”, “Бир ҳовуч офтоб”, “Кўнгил ёғдуси”, “Умр девони”, “Қалб чироғи”, “Бешикдаги нур”, “Рубежи жизни” ва “Умр сарҳадлари” каби ўнлаб шеърий китоблари, ҳужжатли қиссалари нашр этилган.
2007 йилда «Шарқ» нашриёт матбаа концернида шеърлар, рубоийлар, киносценарийлар, қиссалар, бадиҳа, рисола ва бадиий лавҳалари жамланган уч жилддан иборат “Танланган асарлар” китоби чоп қилинган. Асарлари асосида иккита бадиий фильм яратилган.
Ижодкор ҳозирда рубоий ва тўртликлардан иборат янги тўпламини яратмоқда. Қуйидаги ана шу китобдан парча эълон қиламиз.

Тўртликлар

Сир айтма дуч келган ҳар қандай касга,
Мурувват кўрсатма ҳар бир нокасга.
Сўнгги пушаймоннинг фойдаси йўқдир,
Олов кетгандан сўнг ўт-ўлан, хасга.
- - -
Она замин деймиз, шу она тупроқ,
Ранжу озор чекар бизлардан кўпроқ,
Яралган бўлсак-да, сув ила гилдан,
Қадрига етмаймиз кўпинча, бироқ.
- - -
Бугун сен отлиқсан, бизлар пиёда,
Шу боис ғуруринг ҳаддан зиёда.
Вақт келиб пиёда отлиқ бўлгандек,
Отдан йиқилган ҳам кўпдир дунёда.
- - -
Ғам-ташвиш тушганда ногоҳ бошимга,
Дўстларим келмади излаб қошимга.
Шунда англаб етдим, уларнинг кўпи,
Аслида дўст экан нону ошимга.
- - -
Бахтлисан, ҳамонки оляпсан нафас,
Тириклик сен учун бўлмайди абас.
Одамлар сафида бўлмоқ истасанг,
Ҳеч ҳасад қилмагин, айлагин ҳавас.
- - -
Минг турфа жонивор онгли жон эмас,
Биров олийҳиммат, биров нон емас.
Кимсанинг миннатли нонидан кўра,
Ўзига нон топган пушаймон эмас.
- - -
Ҳар нарсанинг ўрни, вақт-соати бор,
Фасллар алмашса таровати бор.
Беҳуда совурма ўтган дамингни,
Умрнинг йилларга итоати бор.
- - -
– Мен дунёда битта, ягона, деди,
Ҳеч ким тенг келмайди, бир дона, деди.
Турмушга чиқди-ю гулдай тўзиди,
– Вой, хато қилибман, дугона, деди.
- - -
Умрнинг фараҳбахш кунлари кўпдир,
Тўйларга туташган кунлари кўпдир,
Яхшилик касб айла илкингдан келса –
Бу ҳаётнинг қора тунлари кўпдир.
- - -
Мардларнинг бағри кенг, элга меҳри бор,
Нокаслар нафс қули, золим бадкирдор.
Ҳар кимнинг ўз йўли, феълу аъмоли –
Шунга қараб бўлар Аллоҳ мададкор.
- - -
Ҳалоллик маҳсули – хотиржам юриш,
Манманлик келтирар бошга кўп ташвиш.
Хачир от бўлай деб уриниб кўрди –
Шундан аримайди бошидан шўриш.
- - -
Дўстлар оқибатни билмаса қийин,
Оқилга итоат қилмаса қийин.
Бандаси ҳар турли ўйин қилмасин –
Худо назарига илмаса қийин.
---
Кимки ҳалол ишлаб, зарра дон топди,
Ризқи бутун бўлди, билки, шон топди.
Кимки чиябўри йўлини тутди,
Бўрига дуч келди ва ҳаром қотди.