Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бугун туғилган кун: Мирмуҳсин

Шу кунларда мамлакатимиз адабий жамоатчилиги Ўзбекистон халқ ёзувчиси, шоир, журналист ва таржимон Мирмуҳсин таваллудининг 100 йиллигини нишонламоқда.

Адиб ҳақида гап кетганида 1988 йилнинг сентябрь ойида бўлиб ўтган устоз ёзувчи билан унутилмас бир учрашув ёдимга тушади.

Ўша пайтда Мирмуҳсин бош муҳаррирлик қилаётган “Гулистон” журнали 10 мингдан зиёд нусхада чиқар, унинг ўқувчилари юртимиз ва қўшни давлатларда миллионлаб эди. Чунки журнал саҳифаларида ўша даврнинг энг қайноқ, долзарб масалалари ҳақида турли хил танқидий-таҳлилий материаллар, шеърлар, ҳикоялар чоп қилинарди.

Ўша йиллари мамлакатимизда “Пахта иши” деб ном олган машъум қатағонларнинг асл сабаблари-ю сабабчилари ва оқибатлари ҳақидаги дастлабки мақолалар ҳам айнан шу журналда эълон қилина бошлаганди.

Мен Жомбой туманидаги “Правда” жамоа хўжалиги раиси Барот Нодировнинг ана шу қатағон қурбони сифатида Тельман Гдлян топшириғи билан 6 йилга ноҳақ қамалгани, хўжаликда у киши томонидан амалга оширилган хайрли ишлар тўғрисида “Виждон тарозиси” деган публицистик очерк ёзиб, уни почта орқали “Гулистон” журнали таҳририятига юбордим.

Орадан 2 ҳафта ўтиб, менга бош муҳаррир имзоси билан жавоб хати келди. Хатда очерк у кишига маъқул бўлгани, иложи бўлса Тошкентга бир келиб, бош муҳаррир билан учрашиб кетишим кераклиги айтилганди.

Очиғи, мен бундай муносабат ва таклифни кутмагандим. Ахир кимсан республиканинг таниқли ёзувчиси оддий бир қишлоқ ўқитувчисини Тошкентга таклиф қилса-я!

Эртаси куниёқ йўлга чиқдим. Ўша пайтда мазкур журнал таҳририятида қўшработлик машҳур бахши Эргаш Жуманбулбул ўғлининг чевараси, яқин дўстим, шоир Абдусаид Нурбоев масъул котиб бўлиб ишларди.

Дастлаб дўстим билан кўришдим. “Мақолангиз оқсоқолга ёқибди” деди у. Кейин икковлон Мирмуҳсиннинг қабулига кирдик. Суҳбат бошланар-бошланмас Абдусаид қаёққадир чиқиб кетди. Таниқли ёзувчининг қатор китобларини ўқиганим, ойнаи жаҳондаги турли хил кўрсатувларда  у кишини кўп бор кўрганим боис, бироз ҳаяжонланардим. Домла узун бўйли, қотмадан келган бўлиб, ажин босган юзи, кўзойнак ортидаги кўзлари жуда ўйчан кўринарди.

У киши дастлаб менинг касбим, оилам билан қизиқди. Кейин очерк яхши ёзилгани, аммо баъзи камчиликлардан холи эмаслиги, ана шу нуқсонлар тузатилса материал кейинги сонларда журналда босилишини айтди. Айниқса, гап орасида агар имкони бўлса пойтахтга келишимни, адабий ходим сифатида ишга олишини айтганида мен ҳаяжон ва қувончдан нима дейишни билмай довдираб қолдим.

Ўша куни кечгача таҳририятнинг бир хонасига қамалиб олиб очеркни қайта ишладим. Абдусаиднинг ижара уйида оқшом меҳмон бўлиб, эртаси куни эрталаб журнал таҳририятида яна Мирмуҳсинга рўпара келдим. Устоз очеркни ўқиб кўриб, уни журналнинг кейинги сонида эълон қилишни айтди ва иш масаласидаги фикримни сўради.

Мен бу ҳақда кечаси узоқ ўйлаб кўрганимни, Тошкентга келиб ишлашга оилавий шароитим тўғри келмаслигини, отам оғир касал бўлиб ётганини, ёлғиз ўғил бўлганим учун ташлаб кетолмаслигимни тушунтирдим ва устозга юксак ишончи учун чуқур миннатдорлик билдирдим.

- Майли, ўзингиз биласиз, - деди домла хайрлашув олдидан. – Кўп истеъдодли ёшлар худди сизга ўхшаб қишлоқдан келолмай бир умр вилоятларда қолиб кетишади. Аммо, ижодни ташлаб қўйманг. Қўлингиз анча келишиб қолибди. Албатта ёзиб туринг! 

 Шу учрашувдан икки ой ўтиб “Виждон тарозиси” деган очерким “Гулистон” журналининг икки саҳифасида босилиб чиқди ва йил якунига кўра, журналда эълон қилинган энг яхши очерк деб эътироф этилди.

Дарвоқе, очерк эълон қилинганидан сўнг бир ойча ўтар-ўтмас Барот Нодиров муддатидан олдин қамоқдан озод қилинди ва уйи, оиласи бағрига қайтди.

***

Мирмуҳсин (Мирсаидов) 1921 йилнинг 3 май куни Тошкентда, ҳунарманд оиласида туғилган. Меҳнат фаолиятини ўқитувчиликдан бошлаган адиб 20 йил давомида “Шарқ Юлдузи” журналига, “Муштум”, “Гулистон” журналларига бош муҳаррирлик қилган.

Унинг “Садоқат” деб номланган биринчи шеърлар тўплами Иккинчи жаҳон урушининг энг қизғин палласида – 1943 йилда чоп этилган.

Мирмуҳсин шоир бўлиш билан бирга ўзбек адабиётининг кўзга кўринган ёзувчиси ҳам ҳисобланади.

Муаллифнинг “Юлдузлар”, “Лола”, “Оқ мармар”, “Ҳикоялар”, “Канизак”, “Тунги чақмоқлар” каби ҳикоя ва қиссалари, “Умид”, “Дегрез ўғли”, “Чотқол йўлбарси”, “Темур Малик”, “Илон овловчи”, “Турон маликаси” сингари романлари минглаб мухлисларнинг китоб жавонидан жой олган.

Мирмуҳсин А.Пушкин, Т.Шевченко, В.Маяковский, Н.Тихонов каби рус шоир ва адибларининг асарларини ўзбек тилига таржима қилган.

 Мирмуҳсиннинг ўзбек адабиётини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси давлатимиз томонидан муносиб баҳоланган. Унга “Ўзбекистон халқ ёзувчиси”, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими”, “Ўзбекистон халқ маорифи аълочиси” фахрий унвонлари берилган. Шунингдек, адиб 1998 йилда “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланган.

Адиб 2005 йилнинг 3 февралида 84 ёшида вафот этди. 

                                                                              Ёр Муҳаммад.