Бугун туғилган кун: Нуриддин Шукуров

Адабиётшунос олим, филология фанлари доктори, профессор Нуриддин Шукуров 1930 йил 16 майда Самарқанд туманидаги Туркман қишлоғида туғилган.
1945-1950 йилларда Самарқанд давлат университетининг филология факультетида ўқиган.
1953 йилдан СамДУ ўзбек адабиёти кафедрасида ўқитувчи бўлиб ишлаган. Кейинчалик университетнинг ўзбек ва тожик филология факультетида декан, кафедра мудири, проректор бўлган.

1968-1973 йилларда “Ленин йўли” (ҳозирги “Зарафшон”) газетасида муҳаррирлик қилган.
1990 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Самарқанд бўлимини бошқарган.
1977 йилда олимга "Ўзбекистон Республикаси фан арбоби" фахрий унвони берилган.
Нуриддин Шукуров 1995 йилда вафот этган.
Қуйида олим ижодидан намуналар ўқийсиз.
***
Тўлқин

Борлиқ сокин, денгиз ҳам сокин,
Фаранг янглиғ товланар майин.
Эркаланар қуёш тафтида, Жилваланар нур эмган сайин.

Қўзичоқнинг жингаласидай,
Тўлқин урилади аста қучоққа.
Шўх тойчалар ёлин ёйгандек,
Кўпик сочиб кетар қирғоққа.

Шундай сокин эди борлиқ ва денгиз,
Бир зарбда урарди олам юраги.
Ҳамма яйрар эди денгиз бағрида,
Фақат тинчлик эди олам тилаги.

Бирдан шамол турди тинчлик бузилди,
Бўрон остин-устун қилди ҳар ёқни.
Дарахтларнинг белин қайирди,
Япроқлар шохидан ширт-ширт узилди.

Денгиз буткул йўқотди тинчлик,
Ҳурккан отдай кишнай бошлади.
Ўз бағридан ҳамма-ҳаммани, Улоқтириб, отиб ташлади.

Ғазабдан сакраган арслон каби,
Ўзин отди қирғоққа тўлқин.
Унинг аламига, унинг ғазабига
Гўё бўлолмасди ҳеч нарса тўсқин.

Шундай ўзгаришда бу моддий дунё,
Баъзан уйқудаги гўзалдай дилдор.
Ғафлатда қолмаган аммо дўстгинам,
Баъзида беаёв тўлқинлари бор.
---
Кавказни кездим

Айланиб Кавказни кездим тоғу бўстонлар аро,
Сарвзор, Гулзор, эманзор, соз хиёбонлар аро.

Пастда денгиз тўлқини, тегрангда ўрмон эпкини,
Бошда офтоб ёлқини-туйғу жўшар қонлар аро.

Кўп ҳузур: ўрмон кезиб, денгизда оҳиста сузиб,
Яйрасанг кўнгил ёзиб, шўх ҳуру ғилмонлар аро.

Чеҳралардир мисли гул, ҳам яйрагай, ўсгай кўнгил,
Рицадай зангори қўл бағрида жавлонлар аро.

Англадим юз аср сиррин-
Кўҳи Кофнинг тарихин,
Тингладим афсона - шеърин, қисса-достонлар аро.

Жонланар ўтмиш замонлар, шоҳлару ҳоқонлар,
Ҳам Тариэль паҳлавонлар қалъа-қўрғонлар аро.

Бўлса шундай тинч замон, чиқсанг кезиб олам-жаҳон,
Хушнудо, ҳеч қолмас армон, давру давронлар аро.