Бугун - Халқаро ветеринария куни
Ҳудудларда эпизоотик ва эпидемик барқарорликни, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминловчи соҳа
Инсоният пайдо бўлгандан буён глобал ечим талаб қиладиган муаммоларга мунтазам тўқнаш келаверади. Улардан энг асосийларидан бири – миллатлар ва элатлар генофондига бевосита ва билвосита ҳалокатли таъсир этадиган, инсонлар ва ҳайвонлар ўзаро муносабатда яшаб турган муҳитда вужудга келаётган турли юқумли касалликларнинг тарқалишидир. Касалликлар давлатларга катта иқтисодий зарар келтириш билан бирга, одамлар ҳаётига ҳам хавф солиб келган ва бу айни кунда исботини топмоқда.
Мамлакатимизда бу борада барча ҳуқуқий асослар яратилган бўлиб, “Ветеринария тўғрисида”ги қонунга мувофиқ эпизоотияга қарши профилактик тадбирлар мунтазам олиб борилмоқда. Натижада четдан инсонлар ва ҳайвонлар учун хавфли юқумли касалликларнинг кириб келиши, кенг даражада тарқалишининг маълум маънода олди олиниб, барқарор эпизоотик вазият сақланишига ҳаракат қилинмоқда. Ўз вақтида Ҳукумат ва масъул мутасадди ташкилотлар томонидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида бугунгидек мураккаб шароитда ҳам халқимиз ўз иродаси ва матонатини намоён этмоқда. Ҳайвонлардан тарқалганлиги тахмин қилинган, аслида одамзод ва ҳайвонот олами ўртасидаги табиий мувозанатнинг бузилиши оқибатида келиб чиққан CoVID-19 пандемияси инсониятга яхшигина сабоқ берди.
Инсоният тарихида бундай муаммолар кўп бора қайд этилган. Вабо, ўлат, пандемиялар ҳамиша инсонларни бирлашишга, жипслашишга, табиат қонунларини ҳурмат қилишга ундаган. Фақат бу муаммонинг кўлами бугунгидек кенг, дунё миқёсида бўлмаган. Вазият бугунгидек мураккаб даражага етмаган. Тез кунларда бу муаммонинг ечими топилади, деб умид қиламиз.
Ҳар йили апрель ойининг охирги шанбаси бутун дунёда Халқаро ветеринария куни сифатида нишонланади. Ўзбекистон 1992 йилдан буён Бутунжаҳон ҳайвонлар соғлиғини сақлаш ташкилоти аъзоси.
Халқаро ветеринария куни эса мамлакатимизда 2018 йилдан буён нишонланмоқда. Юртимизда ветеринария соҳасига қаратилган эътибор - бу инфраструктура мамлакат иқтисодиёти ва халқ хўжалигида салмоқли ўринларни эгаллаши билангина изоҳланмайди. Юртимиз азалдан уста чорвадорлар макони бўлган. Қорамолчиликнинг барча турлари, йилқичилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик борасида катта мактаб яратилган. Бу соҳаларда жамланган билим ва кўникмалар минг йиллар давомида ҳалқимизнинг турмуши фаровонлиги мезони сифатида эътироф этилган.
Мамлакатимизда ветеринария инфраструктурасининг ривожланиши ҳудудларда эпизоотик ва эпидемик барқарорликни, аҳолини хавфсиз ва истеъмолга яроқли бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ва халқаро савдо алоқаларининг ривожланишига хизмат қилаётир.
Бугунги кунда ветеринар касби дунёда озиқ–овқат хавфсизлигини таъминловчи соҳа сифатида тан олинади. Шунингдек, ривожланган мамлакатларда бу касб эгаларига катта маош тўланади.
Ветеринар мутахассислар эса юртимизда биргина Самарқанд ветеринария медицинаси институтида тайёрланади. Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуси билан мазкур олий таълим даргоҳи ташкил этилганига ҳали кўп вақт бўлмаган. 2018 йилнинг 8 май куни Шавкат Мирзиёевнинг қарори асосида, собиқ Самарқанд қишлоқ хўжалик институти негизида ташкил этилган бу олийгоҳ бугун ветеринария ва чорвачилик соҳаси учун янги, замонавий билимларга эга олий маълумотли мутахассис кадрлар тайёрлаш, хорижий давлатларнинг илғор тажрибаларини ўрганиш, инновацион ғоялар ва технологияларни соҳага татбиқ этишни мақсад қилган.
Бугун институтнинг 5 та факультетида 5000 нафардан зиёд талабалар таҳсил олмоқда. Самарқанд ветеринария медицинаси институти дунёнинг 80 дан ортиқ етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик меморандумларини имзолаган. Бу ҳамкорлик натижасида институт талабалари ва профессор ўқитувчилари хорижга ўқишга ва малака оширишга юборилади. Институтнинг Нукус ва Тошкент филиаллари ва таълим даргоҳи қошида техникум ҳамда академик лицей фаолият кўрсатмоқда.
Айни кунда Самарқанд ветеринария медицинаси институти ветеринария соҳаси мутахассислари тайёрлайдиган Марказий Осиёдаги ягона олий таълим муассасасидир.
Келажакдаги режалар, истиқболда амалга оширилиши назарда тутилган лойиҳалар кўп. Бу лойиҳалар халқимизнинг турмуш фаровонлигини оширишга, озиқ-овқат ҳавфсизлигини таъминлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Фурсатдан фойдаланиб, Самарқанд ветеринария медицинаси институти жамоаси номидан мамлакатимиздаги соҳа вакиллари, мутасаддилари ва мутахассисларини Халқаро ветеринария куни билан табриклайман!
Масъулиятли, шарафли касбингизда омад ёр бўлсин!
Худайназар ЮНУСОВ,
биология фанлари доктори, профессор, Самарқанд ветеринария медицинаси институти ректори.