“Булунғур-Сандвик” 1 миллион 579 минг АҚШ доллари миқдоридаги қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспорт қилди

“Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилояти бошқармаси маълумотларига кўра, Самарқанд вилоятида тадбиркорлар томонидан 1 миллион АҚШ долларидан ортиқ қийматдаги қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспортга йўналтирилди.

Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонига асосан Республикада юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш мақсадида мева-сабзавот кластерлари ташкил этилмоқда. Натижада ҳосилдорлик ҳам, даромад ҳам ошмоқда. Юртимизда етиштирилаётган 80 турдан ортиқ қишлоқ хўжалик маҳсулотлари 66 та мамлакатга экспорт қилинмоқда.

Бунинг натижасида мамлакатимизда аграр соҳани ислоҳ қилиш, унга бозор механизмлари ва замонавий технологияларни жорий этиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Қишлоқ хўжалиги корхоналарини ислоҳ қилиш борасидаги дастурлар Самарқанд вилоятида ҳам босқичма-босқич ҳаётга татбиқ этилмоқда. Айни кунларда вилоятда пахта, ғалла ва мева-сабзавотчилик йўналишида 40 дан ортиқ кластер корхоналари фаолият юритаётган бўлиб, қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг экспорт салоҳияти тобора ортиб бормоқда.

Жумладан, “Булунғур-Сандвик” МЧЖ маҳсулотни саноат усулида қайта ишлаш орқали экспорт қилишга ихтисослаштирилган йирик кластер корхоналаридан бири саналади. Ушбу корхона томонидан 2019 йилда 5 миллион 955 минг АҚШ доллари миқдоридаги қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари Россия, Германия, АҚШ сингари кўплаб давлатларга экспорт қилинган.

Мамлакатимизда коронавирус пандемияси асоратларини бартараф этиш, Республикамизнинг экспорт салоҳиятини янада юксалтиришга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида “Булунғур-Сандвик” МЧЖ жорий йилда 8 миллион АҚШ долларидан зиёд маҳсулотни экспортга чиқаришни режалаштирган. Бугунги кунга қадар 1 миллион 579 минг АҚШ доллари миқдоридаги карам, исмалоқ, шивит, лук пари каби маҳсулотлар АҚШ, Россия ва Европа давлатларига экспорт қилинган.

Айни вақтда кластер корхоналари томонидан Булунғур туманида 341 гектар, Тойлоқ, Ургут ва Жомбой туманларидаги фермер хўжаликларига қарашли 1 минг 100 гектар майдонда булғор қалампири, карам, лук пари сингари экспортбоп қишлоқ хўжалик маҳсулотлари парваришланмоқда.

Ўз ўрнида, вилоятда рўйхатдан ўтган эскпортёр корхоналарга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспортга расмийлаштириш жараёнини янада соддалаштирилган тартибда тез фурсатларда амалга оширишда вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан яқиндан кўмак берилмоқда.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати.