Булунғур туманидаги маҳаллалардан бирининг раиси фирибгарлик жиноятини содир қилган вақтда ушланган
Бу ҳақда вилоят прокуратурасининг телеграм каналида маълум қилинган.
Қайд қилинишича, маҳалла раиси Д.М. га кам таъминланган оилалар учун қурилаётган уйларга эҳтиёжманд фуқаро сифатида “Аёллар дафтари” (темир дафтар)га рўйхатга олиш ва тегишли тавсиянома бериб, туман ҳокимлигида ишловчи мансабдор танишлари орқали уй олиб бериш эвазига 500 АҚШ долларини бериши кераклигини айтган. У бу ҳаракати билан фуқарони мансабдор шахсга пора беришга қизиқтириб, далолат қилган.
Д.М.нинг аризаси бўйича жорий йил 10 март куни ДХХ Тойлоқ тумани бўлими ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида маҳалла раиси Булунғур тумани ИИБнинг маъмурий биноси олдида Д.М.дан 500 долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, вилоят прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Кеча, 15 март куни вилоят прокурори Равшан Машарипов бошчилигида коррупцияга қарши курашиш бўйича вилоят идоралараро комиссиясининг сайёр тартибдаги йиғилишида маҳалла, жамоатчилик ва комиссия аъзолари иштирокида мазкур жиноят муҳокама қилиниб, тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинган.