Булунғур ва Жомбой туманларида чуқурлаштирилган сайёр тиббий кўрик ўтказилди

Самарқанд давлат тиббиёт институти 1-клиникаси бош шифокори, профессор Н.Абдуллаева бошчилигида 20 нафарга яқин профессор-ўқитувчилар Булунғур тумани Мингтепа маҳалласи “Дўстлик” қишлоқ врачлик пунктида аҳолига чуқурлаштирилган тиббий кўрик ўтказди.

Унда лаборатор таҳлиллар, ультратовуш текшируви, ЭКГ таҳлили текширувлари ташкил этилди. Тиббий кўрикда сурункали касалликлар аниқланган 102 нафар беморга шаҳар ва вилоят ихтисослашган даволаш муассасаларига йўлланма берилди.

Институтнинг юқумли касалликлар кафедраси мудири, доцент Н.Ярмухаммедова бошчилигида кафедра ўқитувчиларидан ташкил топган малакали мутахассислар Жомбой тумани тиббиёт бирлашмасига бориб, 60 нафарга яқин диспансер назоратида турган беморларда чуқурлаштирилган тиббий кўрик ўтказди.

Бундан ташқари, кафедранинг профессор-ўқитувчилари аҳоли орасида “Хавфсиз эмлаш қоидалари”, “Эмлаш нима учун керак?”, “Аҳолини соғломлаштириш йўллари” мавзуларида давра суҳбати ташкил этди.

Шунингдек, кафедра ходимлари Жомбой тумани аҳолисини “COVID-19”га эмланиш жараёнида ҳам фаол қатнашди. Аҳолига эмлаш самарадорлиги ҳақида тушунтириш ишлари олиб боришди.

Самарқанд давлат тиббиёт институти ахборот хизмати.