Булунғурда 107 нафар врачга эҳтиёж бор
Бу ҳақда туман ҳокимлиги томонидан ташкил этилган пресс-тур доирасидаги матбуот анжуманида айтиб ўтилди.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари аввало туман тиббиёт бирлашмасига қарашли марказий шифохонада амалга оширилган қурилиш-ободонлаштириш ишлари билан танишди.
- Шу пайтга қадар булунғурликлар кўпгина лаборатор текширувлардан ўтиш учун вилоят марказидаги шифохоналарга мурожаат қилишга мажбур эди, - дейди туман тиббиёт бирлашмаси лаборатория бўлими бошлиғи Клара Бегимқулова. – Яқинда бўлимимизга 12 турдаги таҳлилларни амалга оширадиган замонавий ускуналари келтирилгач, бу масалага ечим топилди. Аҳамиятлиси, бугундан бошлаб шу бўлимда коронавирус инфекциясини аниқлаш имконияти ҳам яратилди.
Тадбир иштирокчилари хирургия, реабилитация ҳамда болалар бўлимларида беморлар ва тиббиёт ходимлари учун яратилган шароитларни ҳам кўздан кечирди.
Килдон маҳалласида жойлашган 1-сон оилавий поликлиникасида журналистлар коронавирус инфекциясига қарши эмлаш жараёнини кузатди. Маълумотларга кўра, маҳаллада 18 ёшдан катта бўлган аҳоли сони 3 626 нафарни ташкил этиб, шу пайтга қадар 1260 нафар фуқаро эмланган.
Пресс-тур иштирокчилари тумандаги “Импульс” хусусий клиникасида ҳам бўлди.
Тадбир сўнгида туман ҳокимининг ўринбосари Азизбек Бўрибоев ва туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Воҳид Худойқуловлар иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.
- Эришаётган ютуқларимиз билан бир қаторда бизни қийнаётган муаммолар ҳам йўқ эмас, - дейди В.Худойқулов. – Айни пайтда 107 нафар врачга эҳтиёжимиз бор. Кўп йиллар давомида тиббиёт коллежини битирган ёшлар бандлигини таъминлаш баҳонасида улар 0,25 ва 0,5 ставкага ишга қабул қилиниши ҳам кўпгина тушунмовчиликларни келтириб чиқарган. Кейинги пайтларда шу муаммони ҳам бартараф этишга киришдик. Бугунги кунга келиб, 0,25 ставкада ишловчи ходимлар қолмади. 2020 йилда 0,5 ставкадаги ҳамширалар сони 156 нафар бўлган бўлса, ҳозирда бор-йўғи 6 нафари ярим ставкада ишлаяпти.
Тўлқин Сиддиқов,
Замира Болтаева.