Булунғурда аҳолининг 73,8 фоизи марказлашган ичимлик суви билан таъминланган, сув-оқова тизими билан эса...

- Булунғур туманидаги 55 та маҳалланинг 10 тасида ичимлик суви таъминоти оғир.

- Туман аҳолисининг бор йўғи 12,3 фоизи оқова сув хизматидан фойдаланади.

- Туманда ҳомийлик ва ҳашар йўли билан 14.2 километр ичимлик сув тармоғи тортилган.

Туманда яшовчи қарийб 193 минг аҳолининг 141 минг нафари, яъни 73,8 фоизи марказлашган ичимлик суви билан таъминланган. Қолганлари качалка, қудуқ, булоқлар ҳамда ташиб келтириш орқали ичимлик сувини истеъмол қилади. Ўтган йили Чангал-1 маҳалласида 2 та, Қўнғирот,  Мўғол, Тегирмон қишлоқларида биттадан янги сув иншоотлари қурилиб, 14,2 километр ичимлик сув тармоғи тортилди. Натижада 700 га яқин  хонадонда яшовчи 3,5 минг аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланди. «Ташаббусли бюджет» дастури асосида Элобод маҳалласининг Чангал қишлоғи аҳолиси энг кўп овоз тўплаб сув иншооти қуриш ва тармоқ тортиш лойиҳасида ғолиб бўлган. Айни вақтда қурилиш ишлари якунланиб, ҳудуддаги 90 та хонадон аҳолиси ичимлик суви билан илк бор таъминланди.

Бешқўтон маҳалласида 2 та кўча, Мингчинор маҳалласидаги Тумановул қишлоғи, Ғўбдин маҳалласининг Қизилқўрғон қишлоғи каби ўнга яқин қишлоқ ва кўчаларда яшовчи фуқаролар ва туман ҳокимлигининг кўмаги билан ҳашар ташкил этиб, 14,2 км ичимлик сув тармоғи тортиш ишларини якунлашди.

- Туманда 197 та сув иншооти ва 208 та артезиан қудуқлари бўлиб, 498,7 километр сув тармоқлари орқали аҳолига ичимлик суви етказиб берилмоқда,- дейди «Самарқанд сув таъминоти» МЧЖ туман бўлими бошлиғи Баҳриддин Файзиев. – 55 та маҳалладан 15 таси тўлиқ, 30 таси қисман ичимлик суви билан таъминланган бўлса, 10 та маҳалла аҳолиси муқобил манбаалар ҳисобидан ичимлик сувини истеъмол қилади. Фақат туман марказидаги маҳаллаларда яшовчи 3525 нафар яъни, 12,3 фоиз аҳолигина оқова сув хизматидан фойдаланади. Ҳозирча 3 та оқова сув иншооти ва 12,6 километр оқова сув тармоғи мавжуд. Бу ҳудудимиз учун жуда кам.

 

Булунғур туманига пресс тур доирасида борган журналистлар туман ҳудудидаги «Янги Ўзбекистон» массивини ичимлик суви билан таъминловчи иншоот ҳамда Каттақишлоқ маҳалласида эндигина қурилиши бошланган сувоқова тозалаш насос станцияси билан яқиндан танишди.

Массив ҳудудида қурилган сув таъминоти иншооти бир вақтнинг ўзида 55 та кўп қаватли уйлардаги 1100 та хонадондан ташқари 2 та мактаб ва 3 та болалар боғчаларини тоза ичимлик суви билан таъминлаш имкониятига эга.

- Минг куб ҳажмдаги ёпиқ сув ҳавзаси 6 ой давомида қурилиб фойдаланишга топшириш арафасида, -дейди «Файз Бинокор Олтиариқ» МЧЖ иш бошқарувчиси Шоди Жумаев. – Айни вақтда замонавий асбоб-ускуналарни ўрнатиш ва тармоққа улаш ишлари олиб борилмоқда. Сув оқова иншооти қурилиши ҳам тезкорлик билан давом этмоқда. Қуввати минг метр куб бўлган оқова сув тозалаш иншооти ва 12,8 километр оқова тармоқлари қурилиб, ишга тушгач, туманнинг 11 минг яъни, 35 фоиз аҳолиси мазкур тизимдан фойдаланади.

Тозалаш иншооти тўлиқ халқаро стандартларга жавоб беради, тозаланган сувлардан қишлоқ хўжалигида, саноат, иқтисодиётнинг бошқа қатор соҳаларда ҳам фойдаланиш мумкин бўлади.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.