Булунғурда ернинг ҳисоби бор

Ер майдони чорвачилик хўжалигига ажратилган, бироқ бу унда фақат хашак тайёрланади, дегани эмас.

Жорий йилнинг 6 август куни “Zarafshon” газетасининг Zarnews.uz веб-сайтида “18 бош қорамолга 17 гектар сувли майдон ажратилган. Булунғурда ернинг ҳисоби йўқми?” номли мақола эълон қилинди.

Вилоят агроинспекциясининг ахборот хизмати томонидан тайёрланган мазкур ахборот масаланинг туб моҳиятига етмасдан, мутахассисларнинг фикрини билмасдан, яъни бир томонлама тайёрланган.

Негаки, мақолада айтилганидек, жорий йилда туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими томонидан 8160 сигирни сунъий уруғлантириш режалаштирилган. Бундан ташқари, "Чорванасл" маркази туман вакиллиги томонидан 8206 бош, бош ва фермер хўжаликлари томонидан 528 бош қорамол сунъий уруғлантирилади. Яъни, туман бўйича 16 минг 894 бош (мақолада тенг ярми кўрсатилмаяпти) қорамолларни сунъий уруғлантириш чоралари кўрилмоқда.

Мақолада ҳозиргача 3 минг 559 бош сигир сунъий уруғлантирилган дейилган, демак саккиз ойлик маълумотлар қайд этилган. Ваҳоланки, етти ойда 8543 бош шундан, "Чорванасл" маркази томонидан 3651 бош, ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими томонидан 4580 бош, фермер хўжаликлари томонидан 312 бош чорва моллари сунъий уруғлантирилган.

Шунингдек, мақолада келтирилган бошқа ҳолатларга аниқлик киритиш мақсадида туман ҳокимлиги томонидан тузилган ишчи гуруҳ ҳолатни жойига чиқиб ўрганди.

Маълум бўлишича, “Aзиммурод Боймуродов даласи” фермер хўжалигида 72 бош қорамол, шундан 25 бош соғин сигир ва 2 бош йилқи мавжуд. Яъни, мақолада кўрсатилганидек, 51 эмас, балки 55,2 бош шартли қорамол бор.

Ушбу фермер хўжалигининг чиндан ҳам 32 гектар сувли ер майдони мавжуд. Аммо жорий йилда фермер хўжалиги шартнома асосида 12 гектар ер майдонига ғалла экиб, давлатга 44 тонна ғалла топширган. Ўз навбатида ғалланинг сомонидан чорвага озуқа сифатида фойдаланиб келмоқда.

Яратилган бу каби шароит натижасида хўжалик фақатгина 1 чоракнинг ўзида 48,7 тонна сут тайёрлаб, тумандаги ижтимоий соҳа объектларига етказиб берган. Шунингдек, ички бозорга 1,2 тонна гўшт маҳсулоти чиқарилган. Хўжаликдаги чорва моллари тўлиқ сунъий уруғлантирилган.

Ўрганиш давомида аниқланишича, мавжуд шартли мол бош сонига кўра, тумандаги чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликларида 4 гектардан 6 гектаргача ортиқча ер майдони мавжуд.

Аммо бу улардан самарасиз фойдаланилаяпти, Булунғур туманида ернинг ҳисоби йўқ дегани эмас. Ортиқча ер майдонларида биринчи навбатда ғалла парваришланмоқда.

Ўтган ҳафта туман ҳокими Б.Бахрамов тумандаги 26 та чорвачилик фермер хўжаликлари раҳбарлари билан учрашиб, мазкур масалани, умуман, чорвачилик хўжаликларидаги ҳақиқий аҳвол юзасидан гаплашди.

Туман ҳокими бугунги чорвачиликни ривожлантириш ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланаётганлиги, шу мақсадда қатор қарор ва фармонлар қабул қилиниб, қўшимча имтиёзлар берилаётганлигини таъкидлади. Шундан келиб чиқиб, буни суиистеъмол қилмасдан, аксинча, одамларни банд қилиш иш билан таъминлаш, ижтимоий соҳа ташкилотларини сут маҳсулотлари билан таъминлаш, ички бозорни чорвачилик маҳсулотлари билан тўйинтириш борасида ҳар бир хўжалик олдида турган аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Хўжаликлар моддий-техник базасини янгилаш, замонавий технологияларни жалб қилиш чораларини кўриш, зарурлиги қайд этилиб, бу борада ҳокимлик томонидан барча тегишли ёрдам берилиши билдирилди.

Булунғур тумани ҳокимлиги

ахборот хизмати.