Булунғурда тадбиркорларнинг 18 000 АҚШ доллари ва 80 миллион сўмини қўлга киритган фирибгарларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Булунғур туман бўлими томонидан тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан терговга қадар текширув ўтказилди.
Унда аниқланишича, “A” МЧЖ раҳбари Э.А. ва фуқаро Х.Х. “Мингчинор” маҳалласида қурилиши режалаштирилаётган замонавий “Эко бозори” ҳамда савдо мажмуаси қурилишига пудратчи сифатида жалб қилинган. Улар бу имкониятдан фойдаланиб, олдиндан тил бириктирган ва 4 нафар тадбиркорни алдаб уларга ушбу мажмуадан дўкон олиб бериш эвазига 18 000 АҚШ доллари ва 80 миллион сўмни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.