Булунғурдаги сайёр қабулда 3 нафар маҳкум жазодан озод қилинди
Самарқанд вилояти суди раиси О.Ҳайитов, вилоят маъмурий суди раиси Б.Диёров Булунғур тумани маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимида фуқаролар учун сайёр қабул ўтказди.
Сайёр қабулда фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро суди раиси Ж.Файзуллаев, Жомбой туманлараро иқтисодий суди раиси Н.Турсунова ва жиноят ишлари бўйича Булунғур тумани раиси Г.Негматов ҳам иштирок этди.
Қабул жараёнларида 3 нафар маҳкум жазодан озод этилди, 2 нафар шахс МЖтКнинг 21-моддаси билан огоҳлантирилди, 3 нафари МЖтКнинг 33-моддаси қўлланилиб, жазоси камайтирилди ва 5 нафар шахсга ҳуқуқий тушунтириш берилди.
Булунғур тумани Навбаҳор маҳалласида яшовчи Сарвиноз Шодмонова содир қилган қилмиши учун Жиноят кодексининг 140-моддаси 1-қисми билан судланиб, ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган эди. У қилмишидан пушаймон бўлганлиги, тузалиш йўлига қатъий ўтганлиги, содир қилган жиноий қилмиши ва унинг ҳуқуқий оқибатларидан ўзига тегишли хулоса чиқарганлигини билдириб, жазонинг қолган қисмидан озод қилишни сўради. Вилоят суди раиси мурожаатчи билан суҳбатлашиб, мурожаатнинг мазмун-моҳияти ва сабабларини ўрганди.
Жиноят ишлари бўйича Булунғур тумани судининг сайёр суд мажлисида С.Шодмонова ўталмай қолган 3 ой 20 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазосидан шартли озод қилинди.
Шунингдек, туманнинг Оқтош маҳалласида истиқомат қилувчи Илҳомиддин Турабовга содир қилган қилмиши учун Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми ва 211-моддаси 1-қисми билан озодликдан чеклаш жазоси тайинланган эди. Сайёр суд мажлисида у ҳали ўталиши керак бўлган 2 йил 3 ой 23 куни озодликдан чеклаш жазосидан шартли озод қилинди.
Сулувқўрғон МФЙда яшовчи Достон Турсунқулов ҳам вилоят суди раиси қабулида бўлиб, илтимосини баён қилгач, ҳолат ўрганилиб, ўталмай қолган 1 йил 7 ой 29 куни АТИ жазосидан озод қилинди.
Худди шундай яна беш нафар фуқаро тайинланган жазоларни енгиллаштиришни сўради. Барча ҳолатлар сайёр суд мажлисида ўрганиб чиқилиб, жазолар енгилроқ жазога алмаштирилди.
Вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими.