Булунғурдан Жума шаҳригача тезюрар поезд йўлга қўйилади
Вилоят Матбуот уйида вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи Акобир Ашуров иштирок этган матбуот анжуманида Самарқанд шаҳридаги Бўстонсарой, Ибн Сино, Беруний, Мирзо Улуғбек, Гагарин, Регистон, Панжикент кўчаларида автобуслар учун алоҳида йўлаклар ташкил этилиши таъкидланди.
Журналистлар ва блогерларга Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ҳузурида жамоат транспорти тизимини бошқариш учун “Лойиҳа офиси” иш бошлагани маълум қилинди.
- 2022-2026 йилларга мўлжалланган “Хавфсиз ва равон йўл” умуммиллий дастурига асосан, кўчаларимизда тирбандликни камайтириш мақсадида “Бўстонсарой - Мирзо Улуғбек”, “Бўстонсарой - Амир Темур”, “Ибн Сино - Афросиёб”, “Ибн Сино - Даҳбед” ва “Г-34 - Усмон Юсупов” номли кўчалар кесишувида ўрнатилган янги светофорлар автомат тарзда бошқарилмоқда, - дейди Акобир Ашуров. - Шунингдек, 45 та чорраҳа ҳамда 16 та тартибга солинмаган чорраҳа ва пиёдалар ўтиш жойларида ҳам светофорлар ўрнатилди. Йил якунигача Хитойдан “King Long” русумидаги 80 дона автобус келтирилса, 2023 йилдан бошлаб электробуслар харид қилинади. Шунингдек, келгусида Булунғур туманидан Жума шаҳригача бўлган масофада тезюрар поезд қатнови йўлга қўйилиши кўзда тутилган.
Матбуот анжуманида вилоят бўйича 67 та, Самарқанд шаҳрида 21 та жамоат транспорти йўналиши харажатларини қопламаганлиги туфайли ўз фаолиятини тўхтатганлиги таъкидланди.
Дилмурод Тўхтаев.