Булунғурлик ёшларнинг қандай муаммолари бор?
Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси бошлиғи А.Ахмедовнинг галдаги “Раҳбар ва ёшлар учрашуви”да ана шу саволга жавоб изланди.
Вилоят ҳокимининг ўринбосари Ҳ.Тўхтаев, сектор раҳбарлари ва мутасадди ташкилотлар масъуллари иштирокида ўтказилган учрашувда 100 нафардан зиёд ёшларнинг мурожаатлари эшитилди.
Хусусан, Килдон маҳалласи ёшлар етакчиси Бекзод Лапасов Янгиариқ маҳалласида ёшлар етакчилари томонидан «Ёшлар боғи» ташкил этилгани, лекин суғориш тизими йўқлиги ва боғ атрофини ўраш муаммо туғдираётгани, шу боис бу борада ёрдам сўради. Туман ҳокими ушбу масала кўриб чиқилиб, муаммо ҳал этилишини билдирди.
Ўтган йилги “Раҳбар ва ёшлар учрашуви”да ўқув марказимни кенгайтириш учун имтиёзли кредит сўрагандим, - дейди Оқтепа маҳалласида яшовчи Сожида Турдибекова. - Мурожаатим ҳал этилиб, кредит ажратилди ва ҳозирда марказимизда 500 нафар ёш ўқимоқда. Энди ёшлар ўртасида IT ҳамда китобхонликни ривожлантириш мақсадида тумандаги «Янги Ўзбекистон» массивида енгил конструкцияли замонавий IT-марказ ҳамда кутубхона ташкил қилмоқчимиз. Бунинг учун ер майдони ажратилишида ёрдам сўрадим. Масъуллар лойиҳаларни кўриб чиқиб, ёрдам кўрсатилишини маълум қилди. Агар режамиз амалга ошса, йилига 200 нафаргача ёшлар IT касбларини ўрганади.
Кичик Килдон маҳалласида яшовчи Шокир Раҳматов яқинда Россиядан қайтгани, ҳозирда ишсизлиги ва фаолият бошлаши учун мотокультиватор сўраган бўлса, Янгиобод маҳалласидан Отабек Мамасолиев Жанубий Кореяда таҳсил олгач, туманда ўқув маркази очгани, ёшларни иш билан таъминлагани ҳамда корейс, инглиз ва рус тилларини мукаммал билишини айтиб, фаолиятини кенгайтириш учун бўш бино сўради. Мурожаатлар ечими юзасидан ДХХ вилоят бошқармаси ва туман ҳокимлиги масъуллари бириктирилди.