Бурчни унутмоқлик гуноҳдир

Ҳаётда ҳар кимнинг ўз бурчи бор, яъни ота – оталигини, она – оналигини, фарзанд – фарзандлигини қилиши лозим. Мабодо уларнинг бирортаси ўз бурчини кўнгилдагидек бажармаса, оилага путур етади.

Бу ақидалар йиллар давомида аждодларимиз томонидан айтиб келинади. Минг афсуски, айрим ҳолларда биз бундай кўнгилсиз ҳолларга дуч келяпмиз…

Яқинда қабулимга нуроний отахон келди. Очиғи, бу кишининг устидаги кир, дазмолланмаган кийимлари, ўзини тутишидаги ноқулайлик кайфиятимни бузди. Шу ёшдаги инсонни оиласидагилар кўчага чиқарганда у ёқ-бу ёғига қарашмабди-да, деган фикр ўтди хаёлимдан. Сабр билан отахонни тингладим.

- Қизим, пенсиямни расмийлаштиришда муаммога дуч келяпман.

- Нега, – сўрадим у кишидан.

- Меҳнат дафтарчамни топа олмаяпман. Ҳеч қаерда йўқ. Пенсия идорасидагилар эса ўша ордона ҳужжатсиз пенсия тайинлай олмаймиз дейишяпти.

Суҳбатдан маълум бўлишича, отахон ёшликдаги хатолари туфайли, кейинчалик турмушда анча қийинчиликка дучор бўлган. Ана шу пала-партиш ҳаёт туфайли меҳнат дафтарчасини қаерга қўйгани ёки йўқотганини ҳам эслай олмайди. Мен эса дарҳол тегишли ташкилотлар билан боғландим. Давлат хизматлари марказидан тушунча олдим, отахон номидан архивга ариза ёзиб бердим. Пенсия жамғармасига ҳам ана шундай ҳужжат тайёрладик. Мурожаатчи битта ташкилотга кириб, шунча масалани биратўла ҳал қилиш мумкинлигига ишонди.

- Болам, илгари бунақа муаммо учун одамлар йиллар сарсон бўлган-да, мен ҳам шунақа ҳолга дуч келдим, деб ўйлагандим. Раҳмат сизларга.

Касбим тақозосида, отахон билан самимий суҳбатлашдим, давлатимизнинг қарияларга, ёлғиз кексаларга кўрсатаётган ғамхўрликларини гапириб бердим. У киши ҳам юрагини очди.

Маълум бўлишича, бу инсон ёшлигида жуда фаол бўлган. Уйланиб, икки нафар фарзанд кўрган, бироқ ёмон даврага тушиб, ичкиликка ружу қўйган. Уни ҳеч ким йўлдан қайтара олмаган. Онаси ана шу армоннинг ғамида оламдан ўтган. Хотини билан икки боласини эса ҳайдаб чиқарган. Ҳатто кейинчалик ҳам улар ҳолидан хабар олмаган.

Ҳаёт эса тўхтаб турмайди. Болалари ўсиб, улғайиб, яхши ўқиб, тайинли жойга ишга кирганлар. Она уларни чин юракдан тарбиялаган, одамийликни ўргатган. Болалар онасини ҳаж сафарига юборишган. Отахон эса эътиборсиз қолди, қаровчисиз қолди. Айниқса, ёши ўтгандан кейин улфатлар ҳам келмай қўйишди.

У кишининг дардли ҳикояларини эшитяпман-у юрагимдаги оғриқни тўхтата олмайман: нега биз нотўғри ҳаракатимиз учун бировларни айблаймиз? Бурчимизни бажармасдан бошқаларга нега менга қарашмадинг, деб иддао қиламиз.

Йўқ, бу отахон бундай йўл тутган эмас. Лекин жуда кўпчилик ана шундай ўжарлик йўлига ўтиб олган. Ўзининг жамият олдидаги, оила олдидаги вазифасини бажармасдан, мен эътиборсиз қолдим, деб уввос солади. Улар меҳр буйруқ ёки кўргазма билан пайдо бўлмаслигини тушунишни истамайдилар ҳам.

Суҳбатдошимнинг кўнгли ёришди:

- Болам, демак, менинг пенсия олишим аниқ, а?

- Албатта, отахон. Давлатимиз шароит яратибдими, демак, сиз меҳнат стажингизга яраша, албатта пенсия оласиз.

- Қизим, унда сендан бир илтимосим бор. Мабодо пенсиямни олсам ҳузурингга келаман. Менга хотиним учун дўкондан битта кўйлаклик материал танлашда ёрдам берасан. Совғани олгач, хотинимдан, болаларимдан барча гуноҳларим учун кечирим сўрагани бораман…

Менга жуда таъсир қилди бу сўзлар. Қани энди, билиб-билмай гуноҳ қилган ҳар бир инсон тазарру қилса. Насиб этса, шу отахон пенсияни олиб келгач, янганинг олдига у билан бирга бораман.

Феруза РАҲИМОВА,

халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.