Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Баҳодир Йўлдошев: "Спектакль мен учун, менинг дўстларим, томошабинларим учун"

- Санъатда одам ўзи учун ишлаши керак. Мана шу спектаклни қўйганимизда, томошабинлар келиб, менга гул беришса, олқишлашса ёки шу спектаклим учун унвон оламан, деган фикр билан ишлаган одамнинг спектакли ўхшамайди. Бу спектакль мен учун, менинг дўстларим, томошабинларим учун. Томошабинларни ниҳоятда ҳурмат қилиш, уларни севиш керак. Чунки бир спектаклни томоша қилиш учун икки соат вақт кетади. Одамнинг умри жуда қисқа, улар шу қисқа умрининг икки соатини сизга, спектаклингизни кўришга бағишлайди. Уларнинг вақтини ўғирлаб бўлмағур бир нарсани қўйиш - томошабинга хиёнат.

Бу гапни атоқли режиссёр, санъат арбоби, “Буюк хизматлари учун” ордени ва бир қатор халқаро мукофотлар соҳиби Баҳодир Йўлдошев айтган эди. Актёр ва режиссёр ҳаёт бўлганида бугун 78 ёшни қарши олган бўларди.

Баҳодир Йўлдошев 1945 йил 7 сентябрда Каттақўрғон шаҳрида санъаткорлар оиласида туғилди. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг Тошкент театр ва рассомчилик институтида режиссёрлик мутахассислиги бўйича ўқиди. Институтда ажойиб ўзбек режиссёри Тошхўжа Хўжаевдан сабоқ олди. Ленинград катта драма театрида машҳур санъаткор Георгий Товстоногов қўлида ўқиди. Режиссёр ва мураббий Александр Гинзбург билан ёнма-ён ишлади. Бу эса унинг режиссёрлик маҳорати ошишида катта ёрдам берди.

Театрга ўтган асрнинг 70-йиллари бошларида келди. Ёш режиссёр собиқ Ҳамза театрида илк бор А.Дюманинг «Нель минораси», М.Каримнинг «Ой тутилган тунда», Ф.Шиллернинг «Қароқчилар» асарларини саҳналаштирди.

Йигирма етти ёшида ушбу нуфузли театрга бош режиссёр ва бадиий раҳбар этиб тайинланади. 1984-2004 йилларда Аброр Ҳидоятов номидаги Ўзбек давлат драма театрида бадиий раҳбар сифатида фаолият кўрсатади.

Кинода актёр сифатида Олчинбек («Оловли йўллар»), Мухторов («Тоғдаги учрашув»), Шерзод («Олмос камар»), Собиров («Ошпаз») каби образлар яратди.

Саид Аҳмаднинг «Келинлар қўзғолони» асари асосида саҳналаштирилган спектакль ўзининг миллийлиги, актёрларнинг эмин-эркин хатти-ҳаракатлари, саҳна безаклари томошабинларни ўзига мафтун қилди ва меҳрини қозонди. Саҳнада «Майсаранинг иши» асарининг қўйилиши кутилмаган янгилик бўлди.

1997 йилдан бошлаб мамлакатимизда “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалини ўтказиш яхши анъанага айланиб қолди. Икки йилда бир бўладиган бу мусиқа байрамининг очилиш маросимида улуғвор Регистон майдонида театрлаштирилган катта оммавий томоша қўйиш ҳам урф бўлиб, уни саҳналаштириш муттасил Баҳодир Йўлдошев зиммасига юкланди.

Б.Йўлдошев лойиҳаси асосида Каттақўрғонда қадимий томошагоҳ - Амфитеатр барпо этилди.

Умрининг охирги кунларида Б.Йўлдошев ўзи очган «Дийдор» театр студиясининг бадиий раҳбари сифатида фаолият юритди.

2021 йил 16 май куни 76 ёшида вафот этди.