Бухорода Тожикистонга йўлга чиққан автобус ағдарилиб кетди

Кеча, 19 август куни соат 15:37 ларда Тожикистон Республикаси фуқароси, Душанбе шаҳри Рудакий кўчасида яшовчи 1979 йилда туғилган Бахромиддин Хотамов “Мерседес-Спиринтер” русумли, ТJ 77 85 PB 01 давлат рақам белгили микроавтобусини Бухоро вилоятининг Жондор тумани чўл массиви ҳудудидан ўтувчи “Ғузор-Нукус” А-380 йўлининг 368-км.да ҳайдаб кетаётган вақтида, микроавтобуснинг орқа ўнг томон ғилдираги ёрилиб кетиши оқибатида бошқарувни эплай олмай йўл четига чиқиб ағдарилган.

Йўл-транспорт ҳодисаси натижасида 3 нафар Тожикистон Республикаси фуқаролари касалхонага ётқизилган. Касалхонага ётқизилган 3 нафар ва бирламчи тиббий ёрдам учун мурожаат қилган яна 5 нафар йўловчиларга ҳамда ҳайдовчига тез ва малакали тиббий ёрдам кўрсатилиши ташкил қилинди. Қолган 8 нафар йўловчилар эса ҳеч қандай жароҳат олмаганлар.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси хабар беришича, мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.