Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Буюклар суҳбатини эслаб

Самарқанд вилоят “Ленин йўли” (ҳозирги “Зарафшон”) газетаси чиқа бошлаганидан бери ўтган бир асрдан зиёд вақт мобайнида бу ерда кўп буюк инсонлар қалам тебратган. Уларнинг азиз номлари эса Самарқанд журналистикаси тарихида абадий муҳрланиб колган.

Ўтган асрнинг 50-60 йилларида “Ленин йўли” бағрида эл-юртга танилган Саид Назар, Маликжон Наврўзов, Манноп Нажмиддинов, Отахон Хўжаев, Амур Гайнов, Ғиёс Ашуров, Теша Сайдуллаев, Ўзбекистон халқ шоири Нормурод Нарзуллаев, Оқилжон Ҳусанов, Наим Ғойипов, Аҳмаджон Мухторов, Ҳакима Ҳасанова, Ҳожиқурбон Ҳамидзода, Бобоқул Имомов, Очил Тўйчиев, Ўктам Жавлонов, Абдукарим Солиев, Суръат Орипов, Самариддин Сирожиддинов, Марди Нуриддинов, Эркин Неъматов, Поён Равшанов, Тошпўлат Аҳмад, Нусрат Раҳмат, Исроил Мирзаев, Тельман Раҳматов, Шоди Мардиев, Абдусалом Муҳаммадалиев каби ўнлаб истеъдодли қаламкашлар фаолият юритди.

Муаллиф таркиби ҳам жуда салмоқдор эди. Машҳур олиму фузало, академиклар Воҳид Абдуллаев, Ботирхон Валихўжаев, Орифхон Икромов, Нуриддин Шукуров, Сайдулла Мирзаев, Ҳамдам Бердиёров, Раҳим Муқимов, Жўра Ҳожиматов, Бозорбой Ўринбоев, Раҳматулла Қўнғиров, Назар Ражабов, Мардонқул Муҳаммадқулов, Жўра Аҳмаджон каби ижодкорлар ўзларининг шеъру ҳикоялари, қисса-ю илмий мақолалари билан газета саҳифаларини узлуксиз безаб келдилар.

Ўзбекистон санъат арбоби, шоир ва драматург Душан Файзиев Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Самарқанд вилояти бўлими раҳбари бўлиб ишлаб турса-да, бир оёғи доимо қадрдон “Ленин йўли” таҳририятида эди. Нуроний адиб Бобомурод Даминов эса газетанинг маслаҳатгўй оқсоқоли саналарди.

Ўша даврда газета саҳифаларида босилган шеъру ғазалларимиз, ҳикоя ва очеркларимиз, лавҳа ва қиссаларимиздан намуналар 2020 йилда босмадан чиққан “Зарафшон зарварақлари” китобига киритилиб, ҳамон кишиларга завқ-шавқ улашиб турибди.

Самарқандлик дейилдими,

Аҳдга вафо дегани.

Самарқандлик дейилдими,

Ишлар бажо дегани.

Самарқандлик дейилдими,

Тоза виждон дегани.

Самарқандлик дейилдими,

Чин граждан дегани.

Устоз Мақсуд Шайхзоданинг бу шеъри 1959 йилда самарқандлик пахтакорлар республикада биринчи бўлиб, йиллик режани бажарган қувончли кунларда ёзилиб, газетада табрик сифатида босиб чиқарилган эди. Ўшанда шоир машҳур “Мирзо Улуғбек” традегиясини ёзиш учун Темурийлар даври тарихини пухта ўрганиш мақсадида Самарқандга келган эди.

Уруш й иллари ўзининг машҳур «Сен етим эмассан» шеъри билан бутун дунёга танилган академик шоир Ғафур Ғулом ҳам тез-тез Самарқандга келиб, албатта “Ленин йўли” таҳририятига қадам ранжида қиларди. У 1964 йилда “Ленин йўли”нинг 10 мингинчи сони чиқиши муносабати билан ўтказилган тантанали йиғилишда сўзга чиқиб, бу даргоҳни “ижодкорларнинг катта мактаби”, деб атаган эди.

Мен сизни тинчитмайман,

Лекинда инжитмайман.

дея бир умр камтарона куйлаб ўтган лирик шоир Миртемирнинг қўшиққа айланган шеърлари Самарқанддаги учрашувларда янграган.

У рафиқаси билан Самарқандга келганида шоир Душан Файзий ва газета мухбири сифатида мен учрашувларда ҳамроҳлик қилган эдик. Ўшанда қалин қор ёғиб, навбатдаги учрашув учун белгиланган Булунғурга боришнинг иложи бўлмади. Шунда Миртемир бизларга қарата “Бўталарим, Фозил Йўлдош ўғлининг ватанини кўриш насиб этмади-да” дея афсусланиб Тошкентга жўнаб кетган эди.

1964 йилда Ғалабанинг 20 йиллиги олдидан Самарқанд шаҳри ва вилоят бўйлаб уруш даврида 16 нафар етим болаларнинг бошини силаб, ҳар бирини оқ ювиб, оқ тараган болажон ва меҳрибон халқимизнинг тимсолига айланган Шоаҳмад Шомаҳмудов билан ўтказилган учрашув ҳам унутилмас ва ҳаяжонли лаҳзаларга бой бўлган эди.

Газетанинг ўша пайтдаги бош муҳаррири Лутфулла Ҳамроев, таҳририятдаги фронторти фахрийлари Аҳад Турсунов, Тоҳир Каримов, Тожи Одилов, Шариф Муҳаммадиев, “Ленинский путь” (ҳозирги “Самаркандский вестник”) газетаси бош муҳаррири ўринбосари Василий Пушкарев, Самарқанд шаҳар партия қўмитасининг биринчи котиби Мусо Ҳайитов иштирокидаги учрашувда Шоаҳмад ака ўтмиши, фарзандларининг камолга етиб, ўз ўрнини топаётганини мароқ билан сўзлаб берган эди.

Шоаҳмад Шомаҳмудов ва у кишининг ёстиқдоши Баҳри опа Акрамованинг иккинчи жаҳон уруши давридаги қаҳрамонлиги тилларда достон бўлди. Ўша учрашувда бу икки жаннати инсоннинг хайрли ишини давом эттирган каттақўрғонлик Ҳамид Самадов ҳам қатнашган эди. Шундан буён орадан қанча вақт ўтмасин Шоаҳмад Шомаҳмудов, Ҳамид Самадовларнинг қаҳрамонликлари бугун ҳам одамлар ёдида. Уларнинг ватанпарварлик фазилатлари ҳақида ҳикоя қилувчи бадиий асар, кинофильмлар яратилди.

Облоқул Усмонқулов,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист,

“Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби.