Бюджет кодексига ўзгартириш киритиш лозим

Самарқанддаги нодавлат нотижорат ташкилотлари учун Zoom дастури орқали ўқув-семинар ўтказилди.

Унда Олий Мажлис ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди директори Отабек Ҳусанов, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ижрочи директори Нодирбек Икромов, халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича  жамоат комиссияси аъзолари иштирок этди.

Ўқув-семинарда ижтимоий шерикликни янада ривожлантириш ҳамда вилоятдаги ННТларни қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган ишлар таҳлил этилди. Шу билан бирга жамоат комиссияси олдида турган долзарб вазифалар, ННТларга грант маблағлари, субсидия ва ижтимоий буюртма ажратишдаги муаммолар юзасидан сўз юритилди. Хусусан, халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондини маҳаллий бюджетдан молиялаштириш бўйича Бюджет кодексида кўрсатиб ўтилмаган.

Семинар давомида қатор таклифлар ҳам билдирилди. Хусусан, ННТларни қўллаб-қувватловчи хар қандай ташкилотларга солиқ имтиёзлари берилиши, ажратилаётган грант маблағлари, субсидия ва ижтимоий буюртмаларни  ҳудудларнинг салоҳияти, ижтимоий кўрсаткичларини инобатга олган ҳолда ажратиш ННТ ходимлари учун ўқув-семинарлар ташкил этиш каби  фикрлар билдирилди.

Йиғилиш юзасидан қарор қабул қилиниб, таклифлар инобатга олиниши, вилоятдаги ННТлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.