Бюджет рақамгина эмас
– Муҳтарам Юртбошимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида бюджет ҳисоб-китоблари аҳоли ва жамият манфаатларидан келиб чиқиб шакллантирилиши юзасидан барчамизга сабоқ берганди, – деди сессияни бошқарган вилоят ҳокими Т.Жўраев. – Шу сабабли бюджет параметрларига муносабат ўзгарди. Уни ҳаётга янада яқинроқ, реал режалар ва имкониятлар асосида қайта кўриб чиқдик. Бюджетни шакллантиришда маҳаллий кенгашларга бир қатор имконият бериш баробарида катта масъулият ҳам юкланди.
Сессияда вилоят молия бош бошқармаси бошлиғи Б.Мирзаев кун тартибидаги масала юзасидан маъруза қилиш чоғида 2018 йил маҳаллий бюджетининг ўзига хос томонларига изоҳ берди. У бу галги бюджет мамлакатда фаол тадбиркорликка, барча жабҳаларда инновацион жараённи юзага келтиришга, солиқ тушумлари қамровини кенгайтиришга, маҳаллий тушумлар бевосита вилоят аҳли манфаатига хизмат қилишига йўналтирилишини айтиб ўтди (Маъруза матни газетада чоп этилмоқда).
Сессияда сўзга чиққанлар – депутат О.Ахтамов, Пайариқ ва Каттақўрғон туманлари ҳокимлари А.Жўраев, А.Баҳромов, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи А.Жўраев, халқ таълими ва мактабгача таълим бошқармалари бошлиқлари Р.Йўлдошев ва Н.Саъдинова бюджетнинг янги параметрлари кейинги йилларда ижтимоий соҳада йиғилиб қолган муаммоларни бартараф этишга имкон беришини таъкидлашди. Жумладан, Сенат аъзоси А.Жўраев бюджетни тўла шакллантириш мақсадида уй-жой ва мулк солиғини ундиришда янгича тартиб ва қатъий назорат ўрнатиш таклифини билдирди.
Сессияда Республика молия вазирининг ўринбосари А.Каримов Президент Ш.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида молиявий муносабатларда жорий этилиши зарур бўлган янги нормаларни тушунтириб берди.
Сессияда вилоятнинг 2018 йилги бюджети тасдиқланди, унинг ижросини таъминлаш билан боғлиқ қарор қабул қилинди.
***
Шунингдек, йилнинг охирги кунида барча шаҳар ва туман кенгашлари сессияларида депутатлар маҳаллий бюджет параметрларини қабул қилдилар.