C1 даражадаги тил сертификатини олган ёшлар моддий рағбатлантирилади

Бу ҳақда Президентнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Унга кўра:

- имтиҳон топшириш харажати қопланадиган халқаро имтиҳон тизимлари бўйича инглиз, немис, француз, корейс, хитой ва япон тилларидан камида C1 ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги сертификат олган ёшларни имтиҳон топшириш харажатлари қоплаб берилишидан ташқари ўқиш харажатларини қоплаш учун БҲМнинг 3 баравари (1 млн 20 минг сўм) миқдорида бир марталик моддий рағбатлантириш тизими жорий этилади;

- 2024 йил 1 сентябрдан 2027 йил 1 январгача ёшларнинг немис, француз, корейс, хитой ва япон тиллари бўйича халқаро имтиҳон тизимларида имтиҳон топшириш харажатлари қоплаб берилиши учун улар томонидан тўпланиши лозим бўлган баллнинг (сертификат даражасининг) минимал кўрсаткичи бир поғона пасайтирилади.

2024–2026 йилларда олий таълим ташкилотларининг хорижий тил филологияси таълим йўналиши бўйича 3 ва 4-курсда таҳсил олаётган ҳамда камида C1 даражадаги сертификатга эга талабаларига умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида ўқитувчи сифатида меҳнат фаолиятини амалга оширишига рухсат этилади.