"Captiva"да қўй ўғирлаган шахс ушланди
Жорий йилнинг 26 февраль куни Нуробод туман ИИБга туманнинг Меҳнаткаш маҳалласида яшовчи 1969 йилда туғилган Н.Э. ариза билан мурожаат қилган.
Унда 2020 йил 26 февраль куни соат 15:30 ларда Нуробод тумани Меҳнаткаш маҳалласи ҳудудидан ўтувчи “Ғузор-Самарқанд” автомобиль йўли ёқасида қўйларини боқиб юрган вақтида қўйларидан бир бошини номаълум шахс қора рангли "Captiva" русумли автомашинасига юклаб, олиб кетганлигини баён қилган ва номаълум шахсларни топиб, унга нисбатан қонуний чора кўришликни сўраган.
Нуробод тумани ИИБ тезкор ходимлари томонидан олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари давомида Самарқанд йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб келаётган ҳайдовчи Нарпай тумани Оқтош шаҳри С.Айний кўчасида яшовчи 1997 йилда туғилган Э.С. бошқарувида бўлган "Captiva" русумли автомашина тўхтатилиб, текширилганида, машинанинг орқа қисмига бир бош қўй ортилганлиги аниқланди ва ашёвий далил сифатида олинди.
Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар беришича, мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.