Чегарада 1300 га яқин фреон газ баллонлари олиб ўтаётганлар қўлга олинган
Божхона қўмитаси хабарида таркибида озон қатламига зарар етказувчи моддалар бўлган деб айтилган мазкур буюмлар олиб ўтувчи шахслар қўлга олинган. Улар бу буюмларни яширинча олиб ўтмоқчи бўлгани айтилмоқда.
Мазкур шахслар олиб ўтаётган юк автотранспорт воситасига қиймати 21 минг АҚШ долларини ташкил қилувчи салкам 21,7 тонна оғирликдаги таркибида озонни бузувчи моддалар бўлган 3 турдаги 1290 дона фреон газ баллонлари ортилган бўлган.
Аммо, товарларни кўздан кечириш жараёнида мазкур фреонларнинг қадоқларидаги 22 рақами қўлбола тарзда ёпишқоқ ёрлиқлар кўмагида 134 рақамига ўзгартирилгани фош бўлган.
Яъни, «Хлордифторметан Р22» моддасини ҳужжатларда гўёки «Тетрафторетан 134а» тарзида кўрсатиш орқали юк эгалари ушбу товарларни Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан бериладиган рухсатномаларсиз олиб кирмоқчи бўлишган.
Ҳозирда қиймати 2,7 млрд. сўмлик 1290 дона фреон газ баллонлари вақтинчалик сақловга олинган. Мазкур ҳолатлар юзасидан эса божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.