Чет мамлакатлар давлат арбоблари эътирофи

Марказий Осиёда тинчлик ва хавфсизликни сақлашда Ўзбекистон раҳбари катта ўрин тутганини алоҳида таъкидлаш керак.
Ўзбекистон Биринчи Президентининг ШҲТ ривожига қўшган ҳиссаси юқори баҳога сазовордир. Унинг сиёсатчи сифатида узоқни кўра билиши ва дипломатик маҳорати Ўзбекистоннинг 2015-2016 йиллари ШҲТдаги раислиги даврида ҳамда ташкилотнинг Тошкент саммити юқори савияда ўтказилганида яққол намоён бўлди.
Рашид АЛИМОВ,
Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти
Бош котиби.
***

ЮНЕСКО Ўзбекистон ва ташкилот ўртасидаги мустаҳкам ҳамкорликни ривожлантириш бўйича Президент Ислом Каримовнинг кўп йиллик саъй-ҳаракатларини юқори баҳолайди. Бу буюк инсоннинг ташаббуси билан ижтимоий жабҳа, шу жумладан, таълим тизимини ривожлантириш, Ўзбекистоннинг бой маданий меросини дунёга кенг тараннум этиш борасида муваффақиятларга эришилгани эътиборга сазовордир.
Эрик ФОЛТ,
ЮНЕСКО Бош директори ўринбосари.
***

Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда етакчи давлат бўлиб шаклланишида Ислом Каримовнинг хизматлари беқиёсдир. Мамлакат бой маданий меросга эга, ўзининг демократик институтларини ривожлантирмоқда. Мустақилликнинг 25 йили давомида ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий соҳаларда улкан тараққиётга эришилди. Ўзбекистоннинг айнан ўзи Президент Ислом Каримовга қўйилган ҳайкалдир.
Фредерик ПОНСОНБИ,
Британия-Ўзбекистон жамияти
президенти.

***
Ислом Каримов 1991 йили кўплаб муаммолар гирдобида қолган Ўзбекистонни қабул қилиб олиб, ўзидан изчил ривожланаётган, тинч ва барқарор давлатни қолдириб кетди... Қийинчиликларни енгиб ўтиш ва муаммоларни ҳал этишда шахсий тажрибаси ва билими, ўткир заковати, вазминлик билан иш тутиши, мардлиги ва мушкул ҳолатларда намоён бўладиган қатъияти қўл келди.
Зураб ТОДУА,
халқаро эксперт.