Чет тили ўқитувчилари устама берилиши учун тест синовларидан ўтиши керакми?
Айни кунларда чет тили ўқитувчиларини шу каби саволлар қизиқтирмоқда. Zarnews.uz сайти уларнинг саволларига жавоб излади. Саволларга Давлат тест маркази Самарқанд вилояти бўлими етакчи мутахассиси Самариддин СУЮНОВ жавоб берди.
- Чет тили ўқитувчилари ойлик маошларига устама берилиши учун тест синовларидан ўтиши керак экан. Улар қаердан ва қай тартибда рўйхатдан ўтади?
- 2021 йил 1 ноябрдан чет тиллар ўқитувчиларининг базавий лавозим маошларига ойлик устама белгилаш тест синовлари учун талабгорларни рўйхатга олиш бошланди.
Рўйхатга олиш my.dtm.uz сайти орқали амалга оширилмоқда ва жорий йилнинг 30 ноябрь кунига қадар давом этади.
Мазкур хизмат my.dtm.uz сайтининг “Чет тиллар ўқитувчилари учун тест синовлари” бўлимида жойлашган.
- Чет тили ўқитувчиларига тест синовларида қайси фанлардан саволлар берилади?
- Тест синовлари инглиз, немис, француз, испан, итальян, корейс, хитой, япон, турк, араб, форс, пушту ва ҳиндий тиллари бўйича ташкил этилади ва декабрь ойининг учинчи ўн кунлигида ўтказилади.
Саволлар фақатгина ўзининг мутахассислик фанидан бўлади ва икки босқичда бўлиб ўтади.
Биринчи босқичида тинглаб тушуниш, ўқиш, лексик ва грамматик компетенциялар ҳамда ёзма иш бўлимларидан имтиҳон топширса, иккинчи босқичида гапириш кўникмасидан имтиҳон топширадилар.
Тестнинг тинглаб тушуниш, ўқиш, лексик ва грамматик компетенциялар бўлимларининг ҳар биридан камида максимал баллнинг 50 фоизи (15 балл)ни йиққан ўқитувчиларнинг ёзма иши текширилади. Ёзиш бўлимидан камида максимал баллнинг 60 фоизи (18 балл)ни йиққан ўқитувчиларнинг гапириш кўникмаси текширилади. Гапириш кўникмасидан камида максимал баллнинг 60 фоизи (18 балл)ни йиққан ўқитувчилар тест синовларидан муваффақиятли ўтган ҳисобланади.
- Тест синовларидан ўтган чет тили ўқитувчиларининг маошига қанча устама қўшилади?
- Имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган ва белгиланган талабларни бажарган ўқитувчиларнинг базавий лавозим маошларига 15 ёки 30 фоиз миқдорида устама белгиланади.