Чингиз Айтматов муваффақиятга қандай эришди?
"Оддийлик буюкликдир", деган гап бор. Ана шундай жиҳатнинг табиийлик билан ҳамоҳанг ҳолда Чингиз Айтматов ижодида етакчи бўлганидадир.
"Чингиз Айтматовнинг "Жамила"си дунё қиссаларининг энг аълосидир", – дея таъриф беради француз ёзувчиси Луи Арагон. Ч.Айтматов том маънода дунё тан олган ёзувчи сифатида шуҳрат қозонди. Қирғиз халқининг турмуши ва қизиқишларигина эмас, балки бутун инсоният, унинг даҳоси ва қудрати, жаҳон тараққиёти ва таназзули ҳазрати инсонга боғлиқ эканлигининг ифодаси асарларининг бош ғояси ва лейтмотиви ҳисобланади.
Ёзувчи қўшни халқ ва давлатлар ютуғидан қувонар, ташвишларидан озор чекар эди. "Пахта иши", "Ўзбеклар иши" сингари туҳмат ва уйдирмалар халқимиз бошига тушганда у етук жамоат ва сиёсат арбоби сифатида ўз фикрларини билдириб, ҳимоя қилган эди.
Марказий Осиё давлатларини ҳамиша тотув ва иноқ яшашга чорлади. "Самарқанд, Бухоро ва Хива каби шаҳарлардаги ноёб осори-атиқалар умумий аждодларимизнинг нодир салоҳиятлари самаралари бўлиб, улар туронзамин халқларининг ифтихоридир. Ўзбек халқининг буюк даҳолари: Ал Хоразмий, ал Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий ва ҳоказолар таълимоти Византиянинг жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссасидан кам эмас", – деган эди ижодкор.
Чингиз Айтматов ўзбек ва қирғиз халқларининг қондош ва жондош туркий улуслар эканлиги, Алпомиш ва Манас наволари ҳамоҳанг эканлиги, Эргаш Жуманбулбул ўғли ва Саякбай Каралаевлар куйлаган терма ва достонлар ҳамнафаслиги Токтогул ва Миртемирнинг бахшиёна, фалсафий кечинмаларидаги уйғунликни таъкидлаб, уни мунтазам ташвиқ қилди.
Нуриддин БОБОҚАНДОВ.