"Чоштепа" намунали муассаса (ми?)

ҚВПнинг 28 нафар ходими 9 қишлоқда истиқомат қилувчи 7 мингдан зиёд аҳолига тиббий хизмат кўрсатади. 

– Тиббиёт муассасаларини мақбуллаштиришдан сўнг ҳудудимизга яқин жойлашган "Зарафшон" ҚВП билан қўшилгач, маъсулиятимиз янада ошди, – дейди Д.Турдиева. – Аҳоли сони кўпайиб, ёш кадрларга эҳтиёж пайдо бўлди. Яқинда Самарқанд давлат тиббиёт институтини битирган Ш.Раҳмонов жамоамизга келиб қўшилди. Шунингдек, стоматолог ва гинекология хоналари ташкил этилди. Ёш мутахассислар тажрибали шифокорларимиздан касб сир-асрорларини ўрганмоқда. 
Бироқ... Жорий йилда куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш мақсадида ҚВПга 10 тонна кўмир берилган. Иккита замонавий печ ўрнатилган бўлса-да, айрим хоналар яхши иситилмайди. Ҳатто икки ўринли кундузги стационарнинг совуқлигидан бу ерда беморларнинг ётиб даволанишига ишониш қийин. Хоналарининг айримларига замонавий дераза ва эшиклар ўрнатилмаган. ҚВП ҳудуди девор ёки панжара билан ўраб олинмаганидан бўлса керак, кўмир бинонинг ичида сақланмоқда. 
ҚВП навбатчиларининг беморларни қайд қилиш дафтарини варақлар эканмиз, ҳайратимиз янада ошди. Чунки 10 кун давомида бирорта беморга кўрсатилган тиббий ёрдам ҳақида маълумотлар киритилмаган. Бу ҚВПга бирорта бемор мурожаат қилмаганлигини кўрсатадими ёки навбатчилар лоқайдлигини? 


Туман тиббиёт бирлашмасининг ҚВПлар бўйича координатори С. Ўтамуродов ҳамкорлигида "Чоштепа" ҚВПнинг норасмий филиали ҳисобланган Қўштепа қишлоғидаги собиқ "Зарафшон" ҚВП биносига бордик. Бу ерда 6 та қишлоқда истиқомат қилаётган 4,5 минг аҳолининг болаларини эмлаш, ҳомиладорларнинг тиббий кўригини ташкил этиш мақсадида икки нафар шифокор ва 7 нафар патронаж ҳамшира меҳнат қилади. Кириб борганимизда иш вақти ҳали тугамаган, аммо бинода қорвулдан бошқа ҳеч ким йўқ эди. "Касал кўришга кетган" умумий амалиёт шифокори С.Шариповани телефон қилиб, уйидан чақиртириб олдик. Иккинчи шифокор У.Ҳимматовани эса кўрмадик. 
1986 йилда ҳашар йўли билан қурилган бино авария ҳолатда бўлиб, хоналар қўлбола печларда иситиляпти. Хавфсизлик чоралари кўрилмаган. Бино деворлари ичкаридан ёрилиб кетган. Шкаф, стол ва ўриндиқлар яроқсиз, тиббий жиҳозлар эскирган. Бинода нафақат беморларни қабул қилиш, балки тиббиёт ходимларининг ишлашлари учун ҳам шароит йўқ. Бемор қабул қилиш, уйига бориб кўриш, муолажа ўтказиш ҳужжатларини ёзишда хатоликларга йўл қўйилган. Беморларнинг касаллик жилдлари номигагина тўлдирилган. 
Иш бор жойда камчилик учрайди, албатта. Аммо асосий мақсад ана шу хато-камчиликларни бартараф этиб, аҳолининг тиббий хизматдан рози бўлишини, касалликларнинг олдини олишда самарали фаолият олиб боришини таъминлашдан иборатлигини шифокорларимиз унутмаса бас. 

Дилмурод ТЎХТАЕВ,
«Зарафшон» мухбири.