Чумчуқнинг овчига ўгити
Бир овчи чумчуққа тузоқ қўйиб, уни тутди. Овланган чумчуқ тилга кириб деди:
– Эй овчи сен шу вақтгача қўйлар, сигирларни единг. Улар билан тўймадинг. Энди менинг арзимас гўштимга тўясанми? Мени қўйиб юбор, эвазига сенга фойдали учта ўгит айтаман... Бу ўгитлардан бирини қўлингда, қолганини эса дарахтда сўйлайман.
Овчи: "Яхши", деди. Чумчуқ илк маслаҳатини берди:
- Бўлмайдиган нарсага, ким сўйласа сўйласин, ишонма.
Овчи иккинчи ўгитни эшитиш учун чумчуқни қўйиб юборди. Чумчуқ деворга қўнди, иккинчи ўгитни айтди:
– Ўтган-кетган нарсалар учун ғам ема. Фурсатни бой берсанг, хафа бўлма. Айни пайтдаги вақтнинг баҳосини бил. Пушаймонлик билан вақт ўтказма...
Сўнгра қўшимча қилди:
– Эй овчи, менинг қорнимда ўн дирҳамга тенг бебаҳо инжу бор эди. Сенга ҳам, сендан кейингиларга ҳам етарди. Афсус, қисматинг экан, қўлдан қочирдинг. Бу инжунинг дунёда бошқа бир тенги бўлмас.
Овчи:
– Оҳ нима қилиб қўйдим, нима учун қўйиб юбордим-а, - дея қайғуриб йиғлай бошлади. Шу пайт чумчуқ:
– Эй, овчи нега йиғлаяпсан? Мен сенга ўтган-кетган нарсалар учун ғам ема. Фурсатни йўқотсанг, хафа бўлма, дея ўгит бермадимми? Сўнгра сенга яна айтмадимми: "Бўлмаган нарсага ким сўйласа сўйласин, ишонма" деб. Қандай анқов одамсан... Мен ўзим уч дирҳам чиқмайман. Қандай қилиб қорнимда ўн дирҳамлик инжу бўлсин?...
Овчининг ҳуши жойига келди. Зийрак қушга қараб деди:
– Яхши, шу учинчи гўзал ўгитинг нима? Уни ҳам айт!
Чумчуқ девордан ўтиб дарахтга қўнди. Масхарали оҳангда:
– Эй барака топгур, икки ўгитимга амал қилмадинг, учинчисини нима қиласан, қўявер, вақтимни олма, дея учиб кетди.
Овчи жойида тош қотди...
“Маснавийдан ҳикоялар” китобидан.