“Cўнгги қўнғироқ” тадбирларида хавфсизлик қандай таъминланади?
Самарқанд вилояти ИИБ бошлиғи Раҳмат Маматов ички ишлар органлари вакиллари билан ўтказган йиғилишда “Cўнгги қўнғироқ” тадбирлари ҳамда ёзги болалар оромгоҳларида жамоат тартибини сақлаш масалалари муҳокама қилинди.
- Жойлардаги ИИБ раҳбарлари қолган сектор рахбарлари билан ҳамкорликда оромгоҳларга олиб борувчи йўлларни тўлиқ таъмирлаш ишларини амалга ошириш чораларини кўриши зарур, - деди Р.Маматов. - Болаларни оромгоҳларга фақат ЙПХ патруль автомобили кузатуви остида, техник соз (ЙҲХБ томонидан техник кўрикдан ўтказилганидан сўнг) автобусларда олиб борилиши керак.
Шунингдек, “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари вақтида жамоат тартиби, фуқаролар ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича масъулиятли вазифалар юклатилди.
Ўқувчиларнинг гуруҳ-гуруҳ бўлиб, безорилик ёки бошқа турдаги нохуш ҳолатларни содир этиш эҳтимолига йўл қўйилмаслик чораларини кўриш талаб этилади.
Ҳудудлардаги бевосита йўл четида жойлашган мактаблар олдида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ЙПХ инспекторлари бириктирилиши, мактабларнинг жойлашган жойига қараб транспорт воситаларининг ҳаракатини чеклаш, имкон қадар ўша куни барчага жамоат транспортида ҳаракатланиши бўйича тавсия бериш, чўмилиш ҳавзалари алоҳида назоратга олиниши, анҳор, канал ва чўмилиш ҳавзаларида чўкиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида тарғибот ишлари олиб борилиши белгиланди.
Барча маҳаллалардаги 5 талик (МФЙ раиси, профилактика инспектори, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ва аёллар бўйича маслаҳатчи) тўлиқ ҳудудидаги мактабларга бориши, ушбу тадбирларда иштирок этиши ва унга “бош-қош” бўлиши лозим. Жойларда мактаб маъмурияти ўзбошимчалик билан болаларнинг ота-оналари билан келишиб, дабдабабозлик, ресторан ёки чойхонада тадбир қилмаслиги керак.