Дам олиш кунлари Берлинда оммавий намойишлар бўлиб ўтди

Шанба ва якшанба кунлари Берлинда коронавирус пандемияси туфайли жорий этилган чеклов чораларига қарши ташкил этилган оммавий намойишлар бўлиб ўтди. 29 август куни шаҳарда 316 киши ҳибсга олинди, 131 нафар намойишчига қарши айблов эълон қилинди, 33 нафар полиция ходими жароҳатланди. Германия бундестаги биноси ёнида рўй берган тартибсизликлар чоғида оломон темир панжараларни ёриб ўтди ва бинонинг марказий зинапоясини эгаллади. Германия телеканаллари тақдим этган видео лавҳаларда бор-йўғи уч нафар полициячи оломонни қайтаришга урингани акс эттирилган. Кейинчалик етиб келган ёрдамчи кучлар намойишчиларни парламент зинапоясидан чиқариб юборди.

Оломонни бундестагга ёриб киришдан қайтарган уч нафар полициячининг 31 август куни Германия Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер билан учрашиши кутилмоқда. Бу ҳақда РИА Новости нашрига Берлин полицияси маълум қилди.

“Сўзсиз бу шармандали ҳолат. Орадан бир неча дақиқа ўтганидан сўнг қўшимча кучлар воқеа жойига етиб келган. Бироқ бунинг устида ишлаш керак, албатта, келажакда бундай ҳолат такрорланмаслиги зарур”, деди Берлин сенатори.