Дам олиш кунлари саёҳатга чиқмоқчи бўлганлар учун муҳим қоидалар
Мамлакатда карантин ва ундан кейинги даврда фуқароларнинг республика бўйлаб саёҳат қилишлари юзасидан вақтинчалик тартибга кўра:
Саёҳат давомида:
- жамоат жойлари ва туризм намойиши объектларида ниқоб тақиш қоидаларига қатъий риоя қилиш;
- одамлар кўп тўпланадиган жамоат жойларига ташрифни имкон қадар режалаштирмаслик;
- ижтимоий масофаланиш (икки метрлик оралиқ масофа) қоидаларига қатъий риоя қилиш;
- қўлларни тез-тез совун билан ювиш (айниқса, жамоат жойларида). Агар сувда қўлларни тез-тез ювиш имконияти бўлмаса, таркибида спирт миқдори 70 фоиздан кам бўлмаган антисептик воситалар ёрдамида дезинфекция қилиш;
- жамоат жойлари ва туризм намойиши объектларида бегона идишлардан фойдаланмаслик;
- санитария-гигиена воситаларидан фойдаланилганда қўлларни совун билан камида 20 сония давомида ювиш;
- саёҳат давомида коронавирус инфекцияси аломатлари (бош оғриғи, томоқ оғриғи, тана ҳароратининг кўтарилиши, ҳолсизлик ва бошқалар) пайдо бўлганда, ўзини ўзи яккалаган ҳолда тиббиёт муассасаларига мурожаат қилиш талаб этилади.
Аэропорт ва темир йўл вокзаллари, автотураргоҳлар ҳудудлари, чиптахоналар ҳамда назоратдан ўтказиш пунктларида:
- авиа ва темир йўл қатновларига чипталарни онлайн тарзда сотиб олиш керак;
- аэропорт ва темир йўл вокзаллари ҳудуди, назоратдан ўтказиш пунктларида ҳамда ҳаво ва темир йўл транспортларида бир марталик ҳимоя ниқоблари ва қўлқопларда бўлиш зарур;
- аэропорт ва темир йўл вокзалларида ижтимоий масофани сақлаш ҳамда йўналтирувчи махсус тасмалар бўйлаб ҳаракатланиш талаб этилади;
- аэропорт ва темир йўл вокзаллари ҳудудида жойлашган валюта айрибошлаш шохобчалари (терминаллар)дан фойдаланишдан олдин ва сўнг қўлларни дезинфекциялаш талаб этилади.
Жойлаштириш воситалари (хостеллар бундан мустасно):
- жойлаштириш воситалари (қабулхона, кутиш заллари, йўлаклар, зиналарда) ходимлари билан мулоқот қилишда ижтимоий масофани сақлаш шарт;
- умумий фойдаланишдаги буюмлардан (эшик тутқичи, лифт тугмалари, кутиш залидаги стол, рўйхатга олиш жойи стойкаси ва ундаги ручкалар) фойдаланишдан олдин ва кейин кўлларни дезинфекциялаш талаб этилади;
- жойлаштириш воситасида бўлиш вақтида коронавирус инфекцияси аломатлари (бош оғриғи, томоқ оғриғи, тана ҳароратининг кўтарилиши, ҳолсизлик ва бошқалар) пайдо бўлганда, жойлаштириш воситаси ходимига (қабулхонага) мурожаат қилиш ва хонани тарк этмаслик талаб этилади;
- жойлаштириш воситаларида фуқаролар алоҳида, бир-биридан ажратилган ҳолда (ҳар бир оплата бир хона талабига риоя этган ҳолда) жойлаштирилади;
- хонанинг ҳар куни камида икки маротаба шамоллатилишини ва дезинфекция қилинишини назорат қилиб бориш тавсия этилади;
- нонушта, тушлик ва кечки овқатнинг хонага етказиб беришларини талаб қилиш ва хонада тановул қилиш лозим;
- туризм намойиши объектлари (моддий-маданий мерос объектлари, музей ва театрлар, табиат ва истироҳат боғлари, сайёҳларда қизиқиш уйғотадиган бошқа объектлар)га кириш чипталарини олдиндан брон қилган ҳолда, онлайн харид қилиш имконияти мавжудлигини аниқлаш ва имкон қадар онлайн харид қилиш лозим;
- ташриф вақтида объектларнинг ходимлари, гид ва экскурсия етакчилари билан мулоқот қилишда ижтимоий масофани сақлаш шарт;
- накд пул орқали тўловларни имкон қадар амалга оширмаслик керак;
- ташриф давомида объект ичидаги ва ҳудудидаги нарса-буюмларни қўл билан ушламаслик, харид қилинган буюм ва сувенирларни антисептик воситалар билан тозалаш лозим;
- объектларга кириш ва ундан чиққанда қўлларни дезинфекциялаш талаб этилади.
Умумий овқатланиш шохобчаларида:
- ходимлар билан мулоқот қилишда ижтимоий масофани сақлаш шарт;
- овқат тановул қилишдан олдин ва кейин қўлларни сувда ювиш ва бир марталик қоғоз сочиқ ёки электрон қуритгичда қуритиш талаб этилади;
- ҳар бир стол 2 метрдан кам бўлмаган масофада жойлаштирилганлигига эътибор бериш. Бунда, стол атрофида ижтимоий масофани сақлаган ҳолда шахмат усулида ўтириш лозим.
Бозор ва савдо мажмуаларида:
- дезинфекция туннели мавжуд бўлган бозор ва савдо мажмуаларига кириш лозим;
- бозор ва савдо мажмуаларига киришда ижтимоий масофа талабларига эътибор берган ҳолда ниқоб ва қўлқоплар тақилган бўлиши керак;
- маҳсулотни сотиб олишда яроқлилик муддатига алоҳида эътибор бериш тавсия этилади;
- харидни амалга ошириб, турар жойга қайтгач, маҳсулотларни яхшилаб дезинфекция қилиш талаб этилади.