“Дамас” ҳайдовчиларининг айби нимада?

Ўтган ҳафта ҳар галгидай “Дамас” машинасида ишга отландим. Манзилга етиб келмасимиздан йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари тўхтатди. Ва, қўшма рейд бўлаётганлигини ҳайдовчига тушунтирди. Йўловчилар билан йўл нархларини суриштиргандан сўнг, машина биз борадиган манзилга эмас, бошқа жойга кетишини маълум қилди. Шундан сўнг йўловчилар машинадан тушиб, борар манзилига пиёда кетишга мажбур бўлди.

Хўш, бу йўловчиларнинг айби нима? Инсонийлик жиҳатдан бўлганда ҳам йўловчиларни манзилига етказгандан сўнг ҳайдовчига чора кўрса бўлмасмиди? Тўғрисини айтганда, ҳайдовчи хато ҳам қилгани йўқ. Фақат айбни “Дамас” машиналаридан излаш керакми? Агар бундай бўладиган бўлса, энди аҳоли “Дамас” машиналарига минмайдими? Нега бошқа машиналар юриб кетаётганда бориб, сизнинг бир ҳужжатингизни кўриб қўяйлик дейилмаяпти. Бошқа машиналар ҳам таксилик қилаяпти-ку!? Ёки уларнинг ҳаммасида ҳам лицензия борми?

Қўшма рейд қилаётганлар нега Пайариқда автобус ёки автотураргоҳ бўйича масалани кўтармайди? Уларнинг иши фақат жаримага тортишми? Хўп, уларнинг иши йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва жаримага тортиш бўлса, депутатлар нега жим?  Наҳотки, мана шу ҳайдовчилар учун битта автотураргоҳ ташкил қилиш шунчалик қийин бўлса?  Кўпчилигининг лицензияси бор, давлатга солиқ тўлаяпти. Нега энди улар кўчама-кўча изғиб юриши керак?

Ҳозир жарималар ҳам фалон суммани ташкил этади. Лекин қоида бузишлар шунақа кўпайиб кетдики, сўз билан ифодалаш қийин. Аниқроқ айтадиган бўлсак, қоидани биринчилардан бўлиб, “Дамас” ҳайдовчилари бузишаяпти. Чунки улар автобус ўрнида хизмат қилаяпти. ЙҲХ ходимлари ҳам, “Самтранс” ходимларининг ҳам билгани “Дамас” - айлантириб ушлайверади. Энди одамлар “Дамас” олганига айбдорми?

Мана, марказий шифохонанинг олдига борайлик. Истаганча қоидабузарлик. Бу ерга машина қўйиш мумкин эмас, деган белги отнинг калласидай қилиб осиб қўйилган. Буни ҳамма билади. Лекин шу ерга қўйиб одам олмаса бўлмайди. Ана сизга йўл қоидасини бузиш! ЙҲХ ходимларига ҳам шу керак - тўғри шу ерга келаверишади.

Хулоса шуки, бугун нафақат туман марказида балки қишлоқ жойларда ҳам машиналар кўпайиб кетди ва бу кўрсаткич кундан-кунга ўсишда давом этяпти. Шундай экан, бу оғриқли муаммони бир ўйлаб кўрсалар яхши бўларди. Наҳотки, туман марказидан битта автотураргоҳ ташкил қилишнинг иложи бўлмаса? Бўлади. Фақат ҳафсала керак.

Ҳусниддин ХОЛДОРОВ,

Пайариқ тумани.