Дарахтларни ноқонуний кесган кимсалар кимлар эди?
22 февраль куни @zarafshonbot телеграм каналида Ургут туманининг Баҳрин маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида дарахтларнинг кесилиши оқибатида табиатга жиддий зиён етказилаётгани акс эттирилган видеолавҳа ва “Ургутда дарахтлар номаълум кимсалар томонидан кесиб кетилди” сарлавҳали хабар эълон қилинганди.
Мазкур ҳолат Ургут туман экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси давлат инспекторлари томонидан ўрганилди.
Аниқланишича, ҳақиқатда ушбу ҳолат Самарқанд ўрмон хўжалигининг "Баҳрин" ўрмон бўлими ҳудудида содир бўлган. Бу ерда 4 туп манзарали ва ёнғоқ дарахтлари ҳамда ниҳоллари номаълум шахслар томонидан кесиб, пайҳон қилинган.
Содир этилган ҳуқуқбузарлик вилоят ўрмон хўжалиги ҳудудига тегишли бўлганлиги боис, ҳолатга доир тезкор чора кўрилиши юзасидан ўрмон хўжалиги раҳбариятига ҳамда қонунбузарнинг шахсига аниқлик киритиш мақсадида Ургут туман ИИБ бўлимига хат билан мурожаат қилинди.
Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ва ўрганиш ишлари давом этмоқда.
Самарқанд вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизмати.