Даромади етарли бўлмаганларга ҳам ипотeка крeдити бeрилмоқда

Халқимизда “уйи борнинг ўйи йўқ”, деган гап бор. Бу бежиз айтилмаган, албатта. Зеро, одамларнинг уй-жой билан таъминланганлик даражасидан қониқиш ҳисси эртанги кунга бўлган ишончни оширса, бошқа томондан жамиятдаги ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини шакллантиради, турмуш фаровонлигига хизмат қилади.

Ўзбекистон-Финландия педагогика институтида ўқитувчи бўлиб ишлаётган Элдор Абдураимов ёш оилалардан. 3 нафар фарзандни вояга етказаётган оила қарийб 10 йил ижарада яшашига тўғри келган. Уй-жойли бўлиш орзуси уларни бир муддат бўлсин, тарк этган эмас. Молиявий муаммолар сабаб ўз уйи бўлмагач, фарзандлари билан у манзилдан-бу манзилга кўчиб, ижарада яшади. Расмий даромади етарли бўлмаган аҳолига ҳам ипотека кредити олиш имкони яратилгани Абдураимовлар оиласи каби топиш-тутиши яхши бўлса-да, расмий даромади кам ёки умуман бўлмаган юртдошларимиз учун қулайлик яратди. Қаҳрамонимиз ҳам субсидия асосида 3 хонали хонадон харид қилиб, бугун ушбу масканда оиласи билан яшаб келмоқда. 

Eнди расмий даромади етарли бўлмаган фуқароларнинг тўлов қобилиятини аниқлашда банк картасидаги айланма, ижара, коммунал ва бошқа харажатларга тўланган пуллари ҳам ҳисобга олинмоқда. Бундай эҳтиёжмандларнинг дастлабки бадални кўпроқ тўлаб, арзонроқ кредит олиш имкониятига эга бўлиши ҳам муҳим воқеликдир. Бундан ташқари, субсидиянинг муддати қисқартирилиши, белгиланган муддатда субсидия сертификатидан фойдаланмаган фуқароларга субсидия олиш учун яна қайта мурожаат қилиш ҳуқуқи берилиши, бунинг учун жорий йилда ипотека кредитлари бўйича дастлабки бадал ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар сонини 1,5 бараварга ошириш ва мазкур мақсадларга давлат бюджетидан 2,5 триллион сўм йўналтирилиши юртимизда ҳар бир инсон, унинг ҳаёти қадрланишининг амалдаги ифодасидир.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳоли сони йилига қарийб 800 минг нафарга, янги оилалар сони эса 300 мингтага ортаётгани уй-жойга бўлган талабни қондириш бўйича ишларни жадаллаштиришни тақозо этмоқда. 2025-йил 21 феврал куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган “Уй-жой ва ипотека бозорини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон янги Ўзбекистонни улкан қурилиш, бунёдкорлик майдонига айлантирди.

Таҳлилларга тўхталсак, сўнгги 5 йилда умумий майдони 21,7 миллион квадрат метр бўлган кўп квартирали уй-жойлар барпо этилиб, аҳолининг уй-жой сотиб олишига кўмаклашиш учун 67 триллион сўмлик ипотека кредитлари ажратилди ҳамда ушбу мақсадларга давлат бюджетидан 44 триллион сўм йўналтирилди. Даромади юқори бўлмаган 64 минг нафардан ортиқ фуқарога 3,5 триллион сўмдан ортиқ субсидия маблағлари тўлаб берилди. Бу борада Самарқанд вилоятида ҳам салмоқли натижалар бор.

Вилоятда давлат дастурлари асосида 2024 йилда 11 мингдан ортиқ хонадонли 153 та кўп қаватли уй-жой қурилиб, фойдаланишга топширилди. Жорий йилда эса давлатимиз раҳбарининг юқорида қайд этилган фармони асосида 12500 хонадонли 179 та уй-жой қуриш белгиланган. Ҳозиргача 645 хонадонли 11 та уй-жой фойдаланишга топширилган. 2025-йилда ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш учун фуқаролардан келиб тушган аризалар асосида 3431 та фуқарога субсидия тақдим этилди.

Жорий йилда бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастури асосида ҳудудларда 135 минг квартирали уй-жойларни қуриш, уй-жой ва ипотека бозорини молиявий ресурслар билан таъминлаш учун 20,9 триллион сўм миқдоридаги ипотека кредитларини ажратиш, “Янги Ўзбекистон” ва бошқа массивларда кўп квартирали уй-жойларни барпо қилишда иштирок этадиган қурилиш ташкилотларини айланма маблағлар билан таъминлаш учун давлат бюджетидан 700 миллиард сўм ҳамда тижорат банкларининг ўз маблағлари ҳисобидан 3 триллион сўм миқдоридаги маблағларни йўналтириш кўзда тутилган.

Бу йил уй-жой дастурларини молиялаштиришга бюджетдан 15 триллион 500 миллиард сўм ажратилиши кўзда тутилган. Банклар томонидан бунга қўшимча 10 триллион сўм, “Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси” томонидан 2,3 триллион сўм йўналтирилади. Бунинг ёрдамида 70 мингта хонадоннинг ипотека кредити орқали сотилишига шароит яратилади. Шундан 30 минг хонадон, бошланғич бадалига бюджетдан субсидия тўланган ҳолда, даромади юқори бўлмаган оилаларга берилади.

Мақсуд ҚУРБОНОВ,

вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари.