Дарёдаги тош-шағал эгасиз эмас

Бу вилоят қурилиш бош бошқармасида Зарафшон дарёсининг қирғоқ минтақаларида қум-шағал аралашмаси қазиб олинишининг дарё ўзанига ҳамда ер ости чучук сувлари захирасига таъсирини ўрганиш бўйича тузилган вилоят ҳокимлиги ишчи гуруҳининг ўрганиш якунларига бағишланган йиғилишида айтилди.
Танқидий руҳда ўтган муҳокамада вилоят ҳокими Э.Турдимов вилоятимизда қум-шағал кавлаб олувчи, тошни қайта ишловчи тадбиркорлар фаолияти Зарафшон дарёси ўзани ва қирғоқбўйига жиддий зарар етказаётганлигини таъкидлади.
Юртимизда қурилиш материалларига бўлган талабнинг ўсиши натижасида кейинги пайтларда Зарафшон, Оқдарё, Қорадарё ўзанларидан қум-шағал материалларини назоратсиз қазиб олиш ҳолатлари кўпайди. Бундай ҳолатлар дарё ўзанининг оқимига таъсир қилиб, ер усти ва ости сувлари камайиб кетиши, сувни муҳофаза қилиш зоналари ботқоқлашиши ва ифлосланиши, суғориш тизимлари, транспорт, гидротехника ва коммуникация объектларининг бузилишига сабаб бўлмоқда. Муаммони ўрганиш мақсадида мутахассислар томонидан Зарафшон дарёси ўзанларида, "Равотхўжа" сув омборида кузатувлар олиб борилди.
- Зарафшон дарёсининг Ургут тумани "Равотхўжа" тўғонидан Оқдарё ва Паст Дарғом туманлари ҳудудидан ўтувчи қисми ва унинг ўзанидан қум-шағал аралашмаси қазиб олинишини ўрганиб чиқдик, - дейди ишчи гуруҳ раҳбари Алишер Раимжонов. - Маълум бўлишича, бу йил дарёдаги сув ҳажми ҳар йилгидан бир неча баробар камайган. Шунингдек, йиллар давомида қум-шағал материалларининг назоратсиз қазиб олиниши натижасида дарё қирғоқларининг бузилиши ва ўзанда жойлашган айрим объектларнинг турли даражада талафот кўришига олиб келган. Ўрганишларимиз жараёнида дарё ҳамда кузатув қудуқларининг ҳозирги ҳолатини аниқлаш мақсадида GPS (STONEKS) навигация ўлчов асбоби ёрдамида дарё ўзанида топо-геодезия ишлари бажарилди. Натижада 1986 йилга нисбатан бугунги кунда дарё сатҳи 5-8 метргача чуқурлашиб кетганлиги аниқланди.
Ишчи гуруҳ томонидан қум-шағал материалларини қазиб олиш бўйича шартнома имзолаган тадбиркорларга ўзанни тозалаш ишларини белгиланган лойиҳалар ва экология ходимларининг тегишли хулосаси асосида олиб борилиши бўйича кўрсатмалар берилди.
Вилоят ҳокими ўз ишига совуққонлик билан қараган фавқулодда вазиятлар бошқармаси қошидаги «Хавфсиз дарё» ДУК ҳамда Чўпонота сув иншооти раҳбарларини ўз вазифасидан озод қилишни таклиф қилди. Зарафшон дарёсидан қум-шағал маҳсулотларини ноқонуний равишда қазиб олаётган тадбиркорлар фаолиятига чек қўйиш бўйича мутасадди ташкилотларга топшириқлар берилди.
Дилмурод Тўхтаев.