Дастурлар ҳақида нега маълумот берилмайди?

Туман ва шаҳар ҳокимликлари масъуллари ва матбуот котиблари эътиборига!

Одатда янги йил учун режалар аввалги йил якунида ёки йил бошида тузилади. Ҳар бир корхона ёки ташкилот йилни режа, мақсад билан бошлайди. Ҳатто оила, хонадонларнинг ҳам йилга мўлжалланган режаси бўлади ва йил аввалидан бу борада ҳаракат бошланади.

Шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, 2025 йилнинг дастлабки ойи ярми ҳам ортда қолмоқда. Вилоятнинг бу йилга мўлжалланган бюджети, солиқ соҳасидаги ўзгаришлар, хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича йиллик режалар ҳақида газета ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизда маълумотлар бердик. Айрим янги объектлар, лойиҳалар ҳақида ҳам хабарлар берилди. Аммо...

Янги чақириқда вилоят Кенгаши депутатлигига сайланган депутатларнинг биридан ўзи сайланган округда 2025 йилда қанча ишчи ўрни яратилиши, қанақа корхоналар очилиши ҳақида сўрагандим, хабари йўқлигини айтди. Депутат сифатида буни туман ҳокимлигидан сўраб, билиб олиши, ўз таклифларини билдириши ҳақида айтгандим, бир неча кундан кейин суҳбатлашганимда ҳокимликдан бу ҳақда маълумот ололмаганини билдирди.

Балки депутатга маълумотни беришмагандир, лекин йил давомида қайси ҳудудда қандай иш, лойиҳа амалга оширилиши ҳақида ҳокимликда маълумот бўлади-ку. Ҳатто йилга оид давлат дастури ҳам халқ билан маслаҳатлашилган ҳолда ишлаб чиқилади, таклифлар олинади (айни пайтда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” бўйича давлат дастури ҳам умумхалқ муҳокамасига қўйилган).

Кейин ўзим ҳам қизиқиб, туман ва шаҳар ҳокимликлари сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига қарадим. Бирортасида 2025 йил режалари, дастурлари ҳақида маълумот берилмаган. На ҳудуд раҳбарининг ёки соҳалар масъулларининг бу ҳақдаги маълумотлари бор.

Хўш, йил дастури, белгиланган режалардан халқни хабардор қилиш, бундан кенг оммани таништиришга нима халақит қилади? Ахир бу давлат сири эмас-ку.

Туман, шаҳарнинг қайси ҳудудида қандай қурилиш ишлари амалга оширилиши, нечта корхона очилиши, қайси маҳаллада ёки корхонада қанча ишчи ўрни яратилиши, умуман, йил дастури ва режалари ҳақида халққа маълумот берилса, турли хил гап-сўзлар, мурожаатларга ҳожат қолмайди-ку. Бундан халқ вакиллари – депутатлар хабардор қилинса, дастурлар улар иштирокида, фикрлари инобатга олиниб ишлаб чиқилса, ижро ҳокимиятининг аҳолини ўз фаолиятидан хабардор қилишида қулай бўлмайдими?

Кези келганда бир фикрни ҳам айтиб ўтиш лозим, одатда ҳудудий дастурлар ишлаб чиқилаётганда, тасдиқланаётганда ва улар ижроси муҳокама қилинаётганда маҳаллий кенгашлар депутатлари иштирок этади. Бундай пайтда ушбу жараёнларга барча даражадаги депутатлар жалб қилинса, уларнинг ҳам фикрлари тингланса, яхши бўларди. Чунки эндиликда аҳоли ҳудуд билан боғлиқ масалаларда фақат ҳокимлик ва ижро органларига эмас, вакиллик органларига, яъни депутатлар ва сенаторларга ҳам мурожаат қилмоқда. Демак, дастурлар ишлаб чиқилаётганда депутатлар ўз сайловчилари манфаатларидан келиб чиқиб, уларнинг фикрларини ифодалаб, ҳудудга оид дастур ва режаларга таклифларини билдириши мумкин.

Дастур ва режаларни халққа эълон қилиб боришнинг яна бир афзаллиги, балки бу кимларгадир ёқмас, лекин ҳақиқат шуки, улар ижроси устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишга, белгиланган чора-тадбирларнинг ўз вақтида бажарилишига ёрдам беради.

Ф.ТОШЕВ.