Давлат идораларига кадрлар танланиш жараёни шаффофми?

2020 йилда давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимлари учун ягона очиқ порталида танлов эълон қилиниб, 44 та ғолиб аниқланган ва ишга жойлаштирилган.

Вилоят матбуот уйида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат хизматини ривожлантириш агентлиги вилоят филиали вакиллари иштирокида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун матбуот анжумани бўлиб ўтди.

2020 йил давомида агентлик томонидан амалга оширилган ишлар ҳамда давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларига ягона очиқ портал орқали ўтказилган танловлар натижалари бўйича ўтказилган анжуманда агентлик вилоят бўлими раҳбари Рустам Қобилов мавзу юзасидан ахборот берди.

- Бугунги кунда агентликнинг ҳудудий филиали ходимларни бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантиришга инновацион услубларни жорий этиш соҳасида бир қатор ишларни амалга ошириб келмоқда, - деди Р.Қобилов. -  Хусусан, “Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимлари ягона очиқ портали” - vacancy.argos.uz сайти орқали танловлар ўтказиб келинмоқда. Хусусан, Самарқанд вилояти бўйича портал орқали 180 марта эълонлар берилган бўлиб, шундан 128 таси бўйича жараёнлар якунланган. Ўтказилган танловларда 44 та ғолиб аниқланган ва 81 ҳолатда танлов ғолиблари аниқланмаганлиги, яъни аризачилар тегишли талабларга жавоб бермагани туфайли қайта эълонга берилган.

Ушбу эълонлар давомида фуқароларимиздан жами 1 554 та ариза келиб тушди, шундан 571 тасининг мутахассислиги малака талабларига жавоб берган. Уларнинг 185 нафари тест синовларидан ўтиб, суҳбат босқичига таклиф этилган. Ҳозирча вилоятдаги 17 та бошқарма, ташкилот ҳамда 5 туман ҳокимлиги агентлик орқали кадрлар танлаш имкониятига эга. Келгусида барча давлат идораларини қамраб олишни режалаштирганмиз.

Шунингдек, агентлигимиз томонидан бошқарув идоралари раҳбарларининг функционал вазифаларини бажариш натижаси бўйича монтиронг натижалари ҳам яқин кунларда кенг жамоатчиликка тақдим этилади. “Келажак лидерлари” лойиҳаси бўйича клуб ташкил этилиши режалаштирилган. Айни кунгача ушбу клуб аъзолигиги 500 дан зиёд аризалар келиб тушган.

Матбуот анжумани давомида журналистлар агентлик фаолияти бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жаоб олди.

Гулруҳ Мўминова.