Кадрлар захираси қандай шакллантирилади?
Вилоятда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш истиқболларига мувофиқ кадрлар захирасини шакллантириш тизимини такомиллаштириш ва янада ривожлантириш мақсадида вилоят ҳокими қарори қабул қилинган.
Қарорда қайд этилишича, ҳокимликларда кадрлар тайёрлаш тизимининг бугунги давр талаби даражасида эмаслиги, бу борада ахборот базаси тўлиқ шакллантирилмаганлиги, мутахассис кадрлар билан таъминлаш юзасидан олий ўқув юртлари ва жамоат ташкилотлари билан узвий ҳамкорлик йўлга қўйилмаганлиги вилоят, шаҳар ва туманлар хокимликларида малакали, замонавий дунёқараш ва билимга эга кадрлар тақчиллигини келтириб чиқармоқда.
Ҳужжатда вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимликларининг кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, уларнинг захирасини шакллантириш соҳасидаги фаолияти қониқарсиз, деб топилган.
Қарор билан вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликларида бўш турган лавозимларни юқори малакали мутахассислар билан таъминлаш ва кадрлар захирасини яратиш масалалари бўйича ишчи гуруҳ таркиби, вилоят ҳокимлиги тизимида кадрлар билан ишлаш ва кадрлар захирасини шакллантириш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланган.
Шунингдек:
малакали кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш;
уларнинг касбий тайёргарлигини тубдан такомиллаштириш, янгича фикрлайдиган, масъулиятли, ташаббускор, ватанпарвар кадрларни жалб этиш;
янгича ҳамда мустақил фикрлайдиган, масъулиятли, ташаббускор, илғор бошқарув усулларини пухта ўзлаштирган, ҳалол, ўз Ватани ва халқига содиқ кадрлар захирасини яратиш;
юқори турувчи лавозимларга тайинлаш ва кўрсатиш, кадрлар захирасини шакллантиришда жамоатчилик ташкилотлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш;
олий ўқув юртлари билан биргаликда ўқишни тугатган, чуқур билимга эга ёшлар тўғрисида кадрлар захираси учун маълумотлар ахборот базасини яратиш Ишчи гуруҳининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
Вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, ташкилий-назорат гуруҳи раҳбари ҳамда шаҳар ва туман ҳокимлари амалга оширилаётган ислоҳотлар талабларига мувофиқ ҳокимликлар зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш қобилиятига эга бўлган кадрларни танлаш ва жой-жойига мақсадли қўйиш, ўз вазифаларини виждонан бажараётган ходимларнинг хизматда кўтарилишини таъминловчи кадрлар захирасини шакллантиришга шахсан масъул эканлиги белгиланган.