Давлат ўқитувчи шаънини ҳимоя қилишга масъул: Конституциянинг ўқитувчилар билан боғлиқ моддасига қисқа шарҳ 

Тарихан устозга бўлган чуқур ҳурмат сақланиб қолгани боис халқимизда ўқитувчига “Домла”, “Муаллим”, “Устоз” каби улуғ номлар билан мурожаат қилишган. Умрини ёшларга таълим беришга бағишлаган ўқитувчилар ҳамма жойда бир хил – оддий ва камтар.

Шиддат билан ривожланиб бораётган замонда янги касблар, янги соҳалар кўпайиб бормоқда. Ана шу барча касблар ўқитувчилик негизида шаклланади ва тараққий этади.

 Ҳозирда мактабгача таълим қамровини кенгайтириш, мактаб таълимини қўллаб-қувватлаш, олий таълим муассалалари фаолиятини эркинлаштириш ва асосийси ўқитувчилар обрўсини ошириш, уларни рағбатлантириш бўйича ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Биринчи навбатда, ўқитувчиларнинг мажбурий меҳнатга жалб қилинмаслиги – бу катта сиёсий ироданинг ҳосиласи, деб ҳисоблаш мумкин. Таълим ташкилотининг педагог ходимини меҳнатга бирон-бир шаклда мажбурий тарзда жалб этиш маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 52-моддасига мувофиқ ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади. Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўқитувчилар билан боғлиқ махсус модда киритилиши – жамиятда ушбу касб эгаларига нисбатан йиллар давомида шаклланган муносабатни ижобий томонга ўзгартириш йўлида ташланган жуда муҳим қадамдир.

Мазкур норма ўқитувчилар шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлигини, касбий маҳоратининг ўсишини таъминлашга хизмат қилади.

Юқоридаги конституциявий норма мамлакатимизда ўқитувчининг меҳнатига жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни тайёрлаш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини оширишнинг асоси сифатида қаралади. Чунки муаллим ўз вазифасини кўнгилдагидек уддаласа, таълим тизимида ижобий ўзгаришлар бўлиши, юртимизда “Учинчи Ренессанс” пойдеворини барпо этиш мумкин бўлади. Конституция эса буларнинг барчасига мустаҳкам қалқон бўлиб хизмат қилади.

PS:

Имкониятдан фойдаланиб, менга илк харф танитган ва қўлимга қалам тутган биринчи муаллимларим Д.Абдушукурова ҳамда Н.Раҳматовага, ҳуқуқшунослик касбига қадам қўйишимга сабабчи бўлган тарих фани ўқитувчиси Б.Ирзаевга, соҳанинг машаққатларини енгиб ўтишга кўмак берган марҳум устозларим Б.Мустафаев ва Ғ.Исаевга, ўзларининг маслаҳатлари билан доимо қўллаб-қувватлаб турган У.Бозоров, Б.Мирбобоевга ҳамда энг асосийси, ўқитувчи деган шарафли касб эгаси, узоқ йиллардан бери ёшларга таълим бериб келаётган отам – Абдумалик Мажидовга ўз миннатдорчилигимни билдираман ва уларни касб байрами бўлмиш, 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин дилдан табриклайман.

Шоҳрух МАЖИДОВ, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг катта эксперти.